“Аловуддин” ва “Қирол шер” каби мультфильмларнинг аниматори вафот этди
Маданият-санъат
−
24 Февраль
5814“Аловуддин”, “Қирол шер”, “Мулан”, “Супер оила” ва “Коралина” каби фильм қаҳрамонлари учун лойдан макетлар ясаган анимацион ҳайкалтарош Кент Мелтон 68 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда “The Hollywood reporter” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Мелтон 22 февраль куни Американинг Миссури штатида жойлашган уйида вафот этган.
Маълумот учун, Мелтон Миссури штатининг Спрингфилд шаҳрида ўқитувчи оиласида дунёга келган. Дастлаб у штатдаги “Silver Dollar City” кўнгилочар боғида ёғоч ўймакорлиги ва шиша кесиш билан шуғулланган. Аммо кейинчалик ҳайкалтарош бу ишини ташлаб, Лос-Анжелесга йўл олган ва у ерда Ханна-Барбера компаниясининг биринчи ҳайкалтароши сифатида иш бошлаган. Шундан сўнг, унинг анимациядаги карьераси бошланган.
Мелтон 1990 йиллардаги Disney анимацион уйғонишининг асосий ҳайкалтарош аниматорларидан эди. Унинг компаниядаги биринчи иши 1992 йилда дунё юзини кўрган “Аловуддин” мультфильми эди. Кейинчалик у “Дюмчахон” (1994), “Қирол шер” (1994), “Покахонтас” (1995), “Нотр-Дамнинг камбағал қисми” (1996), “Геркулес” (1997) каби бошқа анимацион фильмлар устида ишлаган. Шунингдек, “Мулан” (1998), “Миср шаҳзодаси” (1998), “Тарзан” (1999), “Эльдорадога йўл” (2000), “Атлантис: Йўқолган империя” (2001), “Мустанг” (2002) ва Pixar'нинг “Супер оила” (2004) анимацияларида ҳам қаҳрамонларнинг жонланишига ўз ҳиссасини қўшган. Хусусан, у “Аловуддин” бадиий анимацион фильмида Мўъжизалар ғорининг гапирувчи ва ҳаракатланувчи йўлбарс боши устида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ таниқли хонандаларнинг клипларини суратга олган режиссёр ва оператор Жасур Шаметов вафот этганди.