Реал одамлардан илҳомланиб яратилган Disney қаҳрамонлари
Маданият-санъат
−
01 Февраль
10325Мультфильмларни яхши кўрмайдиган инсон бўлмаса керак. Айниқса, болалар уларни “ётиб олиб” кетини узмасдан томоша қилишади. Бу жараён давомида болалар мультфильм қаҳрамонларини “Бу сенга ўхшайди”, “Бу сенсан” каби ўхшатмалар билан дўстларига, яқинларига юзланишади. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, балки ҳақиқатдан ҳам мультфильмдаги қаҳрамонлар тўқима эмас, реал ҳаётдан олингандир?
Мисол учун, “Алиса мўъжизалар мамлакатида” мультфильмидаги 4 та калхат қушни эслайсизми? Ҳа, ўша сув тошиб қуруқ жой қолмаган пайтда дарахт шохига ўтириб олиб ғийбат қиладиган, худди шу образлар 60 йилларнинг энг машҳур “The Beatles” мусиқа гуруҳи аъзоларидан илҳомланган ҳолда гавдалантирилган десак ишонасизми? Ёки бўлмаса “Аловуддин” мультфильмидаги Аловуддиннинг ўзи америкалик актёр Том Крузни эслатмаяптими? Эътибор берган бўлсангиз, юқорида қайд этилган мультфильмлар 1923 йилдан бери фаолият олиб бораётган Disney анимация ва кўнгилочар компаниясига тегишли эканини пайқаб олиш қийин эмас.
Disney кўпинча қаҳрамонларнинг кўриниши ва ҳаракатларини янада реал қилиш учун ҳақиқий ҳаётдаги инсонлардан андоза олган. Улар инсон танасининг ҳаракатлари, ифодалари, ҳатто кийимларидан фойдаланган. Барчангизга маълумки, Disney қаҳрамонлари фақат малика ва шаҳзодалардан эмас, балки ҳайвонлардан ҳам иборат. Аниматорлар бунда ҳам инсонларнинг ўзига хос бўлган белгиларига мурожаат қилган. Қуйида сизни Disney’нинг баъзи қаҳрамонлари учун илҳом манбаи бўлган одамлар билан таништирамиз.
“Аловуддиннинг шамчироғи”даги жин – Робин Уильямс
1992 йилда суратга олинган “Аловуддин” анимацион фильмидаги жин роли актёр ва сенарист Робин Уильямс учун махсус яратилган, чунки Disney уни жин ролида тасаввур қилган ва қаҳрамонга овоз беришини жуда хоҳлаган. Эътиборли томони шундаки, мультфильм давомидаги кўплаб жиннинг гаплари сценарий бўйича эмас, балки импровизация шаклида бўлган. Баъзи саҳналар учун актёрга мавзулар ёки диалоглар таклиф қилинган, лекин кўп гапларни Робин Уильямс ўзи овоз бериш давомида ўйлаб топган. Продюсерлар эса шунчаки, кейинроқ ўзларига кўпроқ ёққан қисмларни танлаб олишган. Шундай қилиб, Аловуддиннинг жинида Робин Уильямснинг шахсияти ва юмори мужассамлашган.
Актёрнинг ўзига келадиган бўлсак, Робин Уильямс 1951 йилда АҚШнинг Чикаго шаҳрида таваллуд топган. Ўзининг актёрлик фаолияти давомида Уильямс қарийб 100 дан ортиқ фильмда суратга тушган. У “Попай” (1980), “Москва Гудзон бўйида” (1984), “Ўлик шоирлар жамияти” (1989), “Капитан Хук” (1991), “Жуманжи” (1995) ва бошқа фильмларда суратга тушган.
У уч марта “Оскар” мукофотига номзод бўлган ва “Good Will Hunting” (1997) фильми учун энг яхши иккинчи даражали эркак роли бўйича “Оскар” мукофотига сазовор бўлган. У, шунингдек, икки “Эмми” мукофоти, 6 та “Олтин глобус”, икки “Кино актёрлар гильдияси” мукофоти ва тўрт марта “Гремми” мукофотига лойиқ деб топилган.
Голливуднинг “Шон-шуҳрат хиёбони”да кино саноатига қўшган ҳиссаси учун унинг номи ёзилган юлдуз жойлаштирилган. Унинг истеъдоди кўпинча “Комедия соҳасидаги Энштейн” деб таърифланади.
Фильмда асосий қаҳрамон Аловуддин Том Крузнинг “Топ Гун” фильмидаги образига асосланган. Бу қарорга Том Крузнинг ташқи кўринишидаги пишиқлик ва жозибадорлик, қўрқмаслик, ундаги ҳаракатлар сабаб бўлган.
Дастлабки лойиҳада Аловуддин 13 ёшли бола сифатида тасаввур қилинган ва “Келажакка қайтиб” фильмидаги Марти Макфлай персонажи билан танилган Майкл Ж. Фокс каби ёш ва қувноқ актёр уни ифодалаш учун танланган. Лекин фильмни ишлаб чиқариш жараёнида персонажнинг ёши ва ҳаракатлари ўзгартирилган. Том Круз эса тайёр андоза сифатида олинган.
“Маугли”даги калхатлар – “Тhе Beatles”
“Маугли” анимацион фильми 1967 йилда катта экранларга чиқарилган. Ўша йили “The Beatles” гуруҳи ҳам жуда машҳур бўлган палла эди. Мазкур гуруҳ мусиқа ихлосмандларининг кўнглидан жой олганини кўриб, фильм устида ишлаётган продюсерлар жамоаси ўзларининг ажойиб соч турмаги билан 4 та калхатни яратди. Фильм ижодкорлари гуруҳ аъзолари калхатларга овоз бериб, мультфильм давомида куйланган "Дўстлар учун" қўшиғини куйлашига умид қилишди. Афсуски, бу режа амалга ошмади. Чунки гуруҳ аъзоси Жон Леннон иштирок этишни хоҳламади. Жон Леннон Элвис Преслини бу ролга ёллаш яхши ғоя эканини айтган.
Охир-оқибатда калхатларга бошқа актёрлар томонидан овоз берилган.
“Супер оила”даги тикувчи аёл – Эдит Хэд
Ёдингизда бўлса, 2004 йил экран юзини кўрган "Супер оила" мультфильмида қаҳрамонларга бўйи паст, боб каре соч турмакли, думалоқ кўзойнак таққан аёл форма тикиб беради. Буни қарангки, характерга намуна сифатида олинган аёл Эдит Хэд ҳам америкалик костюм дизайнери бўлиб, Голливуддаги узоқ йиллик фаолияти давомида Америка Киноакадемияси мукофотига 35 марта номзод бўлган ва саккиз марта "Оскар" мукофотини қўлга киритган.
Эдит актриса Линда Хантга жуда ўхшайди. Иккисининг ҳам бўйи жуда паст, юз шакли думалоқ ва соч турмаги ҳам бир хил. Ижодкорлар ҳатто Эдитдагидек кўзойнакни ҳам унутмаган. Аммо мультфильм давомида ишлатилган Линданинг сўзлари реал ҳаётдаги дизайнердан олинган иқтибослар эмас.
“Уйқудаги малика” Аврора – Хелен Стэнли
“Уйқудаги малика” – 1959 йилда Disney томонидан Чарлз Перронинг худди шу номдаги эртаги асосида суратга олинган анимацион фильм. Бош қаҳрамон – Аврора. Disney Аврора учун ҳар томонлама ўхшаш актриса топиш учун анча ҳаракат қилди. Улар қўшиқларни ҳам актрисанинг ўзи ижро этишини хоҳлади ва Аврорада мужассам табиатни америкалик кино ва телевидение актрисаси ва раққоса Хелен Стэнлидан топди. Бироқ қомат борасида ижодкорлар ўзининг “Рим таътиллари” фильмидаги роли билан ўзбек томошабинларининг кўнглидан жой олган британиялик актриса, модель, раққоса Одри Хепбёрнга мурожаат қилди. Актрисанинг нозик қомати ва ингичка бели Авроранинг физиологиясига илҳом берган. Гап қаҳрамоннинг юз хусусиятлари, рақс ҳаракатлари, нафислиги ҳақида кетганда Хелен Стэнли Одри Хепбёрнни ортда қолдирди.
Бу мультфильмда малика ва шаҳзодани бир-биридан айирган ёвуз қаҳрамон Малифисента характерига тўхталмасак бўлмайди. Кўпчилик бу қаҳрамон Анжелина Жолидан илҳомланган ҳолда яратилган деб ўйласа керак. Аммо ундай эмас. Бу қаҳрамоннинг яратилиши 1905 йилда туғилган америкалик актриса, овоз актрисаси Элинор Одлига бориб тақалади. Малифисентанинг образини яратишда Элеанор Аудлейнинг овози жуда катта роль ўйнаган. Унинг овози Малифисентанинг руҳий ва жисмоний кучини акс эттиришда, унинг душманлик ва ёмонлик туйғуларини кучайтиришда жуда муҳим бўлган.
“Винни-Пух”даги Кристофер Робин – Кристофер Робин Милн
Винни-Пух – Ален Александр Милннинг 1926 йилда нашр этилган китоби асосида яратилган машҳур ҳикоя ва медиа франшиза. Ҳикоянинг бош қаҳрамони – сариқ айиқ Винни Пух, унинг дўстлари эса Йўлбарс, Пучуқвой, Ҳўтиквой, Қуйонвой ва бошқалар ҳақида сўз боради. Ушбу ҳикоя Винни Пухнинг ўйинлар ва саргузаштлари орқали дўстлик, севги ва садоқатни акс эттиради.
Кристофер Робин Милн Ален Александр Милненинг ўғли бўлиб, ёзувчи ўзининг машҳур “Винни-Пух” китобида ўғлини Кристофер Робин номи билан тасвирлаган. Кристофер Робин китобдаги асосий қаҳрамонлардан бири бўлиб, Винни-Пух ва унинг дўстларига ёрдам бериб, улар билан биргаликда саргузаштларни бошдан ўтказади.
Кристофер Робин Милн ўзининг ўсмирлик даврида машҳур бўлган Винни-Пух ҳикояларидан қочишга ҳаракат қилган, чунки у ўзини бу ҳикоянинг асосий қаҳрамони эканидан уялган.
Disney эса “Винни-Пух” мултфилмини 1966 йилда намойиш этган. Улар бу сафар кўп ўйламасдан илҳом манбайи сифатида кичик Милннинг ҳам кўринишидан, ҳам ҳарактеридан фойдаланган.
“Қирол шер”даги Скар – Жереми Айронс
“Қирол шер” мультфильми 1994 йилда чиқарилиб, бутун дунё бўйлаб одамларнинг қалбини забт этган. Фильмда ёвуз қаҳрамон, Синбанинг амакиси Скар овози машҳур актёр Жеремй Айронс томонидан жонлантирилган. Дастлаб, Айронс бу ролни олишни рад этган, чунки у драматик роллардан комедия ролига ўтишни қийин деб ҳисоблаган. Бироқ охир-оқибат у рози бўлган ва анимацион рассом Андреас Дежа Айронснинг олдинги фильмларидан бири "Reversal of Fortune" (1990)ни томоша қилиб, фикрини ўзгартирди.
Айтиб ўтиш жоизки, "Қирол шер" анимацион фильмлар орасида энг кўп даромад келтирган фильм бўлиб, бу мавқеини 2003 йилгача сақлаб турган. Ўша йили компьютер анимацияси асосида яратилган "Немони қидириб" мультфильмидан кейин ўз ўрнини бўшатиб берган.
"Оппоғой"даги малика – Марж Чэмпион
"Оппоғой ва етти гном" 1937 йилда чиқарилган биринчи Disney анимацион фильмидир ва Оппоғой Disney тарихидаги биринчи малика ҳисобланади. Фильм яратиш жараёнида қаҳрамонга янада реаллик қўшиш учун ижодкорлар махсус бир қизни излашган. Ва бу ролга ўша даврнинг машҳур раққосаси бўлган 14 ёшли Марж Чэмпионни лойиқ топишган. Маржнинг обрўли оилада ўсган ва бу сифатларга эга бўлгани учун ижодкорлар уни биринчи Disney маликасининг образига тўлиқ мос деб топишган.
Шундай қилиб, рўйхатни давом эттирамиз десак, қаҳрамонларнинг охири кўринмайди. QALAMPIR.UZ эса сизларга энг кўзга кўринган, машҳур Disney қаҳрамонлари ва уларнинг илҳом париларини эътиборингизга ҳавола этди.
LiveБарчаси