Алиев ва Пашинян ТИВ раҳбарларига тинчлик музокараларига тайёрланишни буюрди
Олам
−
07 Апрель 2022 3580 3 дақиқа
Кеча, 6 апрель куни Брюсселда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Европа Иттифоқи раҳбари Шарль Мишель ўртасидаги уч томонлама учрашув бўлиб ўтди. Учрашув якунига кўра, томонлар ташқи ишлар вазирларига тинчлик шартномаси бўйича музокараларга тайёргарлик кўришни бошлашни топширди. Бу ҳақда Арманистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
“Брюсселда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Европа кенгаши президенти Шарль Мишель ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ўртасида уч томонлама учрашув бўлиб ўтди. Арманистон Бош вазири ва Озарбайжон Президенти Ташқи ишлар вазирларига икки давлат ўртасидаги тинчлик музокараларига тайёргарликни бошлашни топширди”, дейилади хабарда.
Учрашув якунида апрель ойи охиригача Арманистон-Озарбайжон чегарасини делимитация қилиш бўйича ҳамда чегарада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ваколатига эга икки томонлама комиссия тузишга келишиб олинди.
Учрашувда Пашинян Қорабоғдаги вазият ва Озарбайжон Қуролли Кучлари бўлинмаларининг сўнгги ҳаракатлари туфайли юзага келган гуманитар муаммоларга тўхталган.
Шунингдек, 2020 йил 9 ноябрь, 2021 йил 11 январь, 2021 йил 26 ноябрдаги уч томонлама баёнотлар, шунингдек, 14 декабрь куни Брюсселда бўлиб ўтган уч томонлама учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 март куни Россия Мудофаа вазирлиги Озарбайжон қўшинлари Қорабоғдаги Россия тинчликпарвар контингенти жавобгарлик зонасига киргани ҳақида баёнот берди. Якшанба куни кечқурун Россия Мудофаа вазирлиги Баку қўшинларини Қорабоғнинг Фарух (Фаррух) аҳоли пунктидан олиб чиққани ҳақида маълум қилди.
Бироқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги уч томонлама келишув шартларини бузганини рад этди. Шунингдек, Фаррух қишлоғидан қўшинлар чиқарилганини ҳам инкор этди.
Бу орада тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида ҳарбий ҳолат эълон қилинди.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
Live
Барчаси