Алимент тўлашдан бош тортган эркак “лезва” билан бўйнини кесиб ташлади
3-саҳифа
−
07 Апрель 2023
11777Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида фуқаро Мажбурий ижро бюросида ўз жонига қасд қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Келтирилишича, воқеа жорий йилнинг 24 март куни соат 12:30 ларда содир бўлган. Туманнинг Чўмич маҳалласи Мажнунтол кўчасида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро Мажбурий ижро бюроси биносига келиб, писка (“лезва”) бўлаги билан ўзининг бўйин қисмини кесиб, ўзига-ўзи тан жароҳати етказган. Оқибатда олган тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
МИБнинг туман давлат ижрочиси Ж.Мўминовга кўра, қарздор фуқаро У.Р.га нисбатан алимент ундириш тўғрисида ижро ҳужжати мавжуд бўлган. Унинг алимент тўловлари 18 миллион сўмдан ошиқроқ бўлган. Қарздор фуқаро МИБ хизмат хонасига чақирилиб, ундан қарздорлигини тўлаши талаб қилинганида у норозилик билдириб, тўламаслигини айтган. Шундан сўнг у ўзи билан олиб келган писка билан бўйин қисмига жароҳат етказган ва хонадан чиқиб, коридорга ётиб олган.
Ҳодиса жойи туман прокуратураси масъуллари ва туман ИИБ ходимлари томонидан кўздан кечирилиб, у ердан тахминан 1 дона писка бўлаги, 7 дона қон доғлари бўлган калитлар жамланмаси топилган. Ҳолат бўйича тегишли тартибда судга оид биологик ҳамда суд-тиббий экспертизалари тайинланган.
“Мазкур ҳолат юзасидан давлат ижрочиси Ж.Мўминовнинг ҳаракатлари бўйича МИБ вилоят бошқармасига хизмат текшируви тайинланган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади прокуратура баёнотида.