Ал-Ақсога ҳужум ҳар биримизга тажовуздир – Эрдўған мусулмон оламига чақириқ билан чиқди

Олам 27306
image
-

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған исломий мамлакатлар ва бутун дунё жамоатчилигини оккупация қилинган Шарқий Қуддусдаги фаластинликларни ўз уйларидан зўрлик билан чиқариб юбораётган Исроилнинг агрессив ҳаракатларига нисбатан самарали қаршилик кўрсатишга чақирди. Бу ҳақда Туркия Президенти ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди

Қайд этилишича, Исроил Исломнинг муқаддас зиёратгоҳи бўлмиш Ал-Ақсо масжидида ибодат қилаётганларга ҳам босим ўтказмоқда.

“Мен бутун дунё жамоатчилигини, хусусан исломий мамлакатларни Исроилнинг Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ҳудудидаги ҳаракатларига, шу жумладан фаластинликларни ўз уйларидан мажбуран чиқариб юборишга уринишларига фаол қарши чиқишга чақираман”, дейилади “Қуддус бутун дунёдир, ундаги мусулмонлар эса бутун инсоният” номли сарлавҳа остида. 

Эрдўғаннинг қайд этишича, Исроилнинг жиноятларини эътиборсиз қолдирган ҳар бир киши унинг қонунбузарликларига шерик бўлади.

“Муқаддас Қуддусни муҳофаза қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Қуддусдаги муқаддас қадамжоларга, шу жумладан Ал-Ақсо масжидига ҳужум ва мусулмонларга қарши куч ишлатишлар ҳар биримизга қарши тажовуздир. Қуддус – бу учта дин шаҳри, барча қонун меъёрларини эътиборсиз қолдирадиган ҳолда шафқатсиз ва ҳурматсизлик қилиб, бу шаҳарга доғ туширишга уринаётганлар тўхтатилиши керак. Бу ўзини инсон, деб билган ҳар бир кишининг бурчидир. Исроилнинг жиноятларини эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Лоқайдлик қилган ҳар бир киши содир этилган қонунбузарликка шерик бўлади”, дея ёзади Туркия Президенти.

Эслатиб ўтамиз, 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан одамлар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилгани сабаб бўлган. Бундан ташқари Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарган.

Фаластин қизил ярим ой жамиятининг хабарига кўра, Исроил полицияси 205 нафар фаластинлик мусулмонни жароҳатлаган. Шунингдек, масжидга қилинган ҳужум пайтида 13 фаластинлик Исроил полицияси томонидан ҳибсга олингани.

Ўз навбатида, халқаро ҳамжамият Шарқий Қуддусдаги фаластинлик оилаларни кўчириш бўйича суд қарорини маъқулламаган.

БМТ Исроилни ҳар қандай ҳужумларни бекор қилиш ва намойишчиларга қарши куч ишлатмасликка чақирган бўлса, АҚШ вазиятнинг кескинлашганидан қаттиқ хавотирда эканини маълум қилган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1004
Рейтинг: 3
t
×