AKFA Medline карантиндаги беморларни бепул қабул қилиш ташаббуси билан чиқди
Жамият
−
24 Март 2020
5630Тошкентда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфи тобора ортиб бораётгани ва бунга қарши жиддий чоралар кўрилаётгани муносабати билан пойтахтдаги энг йирик клиника – AKFA Medline коронавирус юқтирганликда гумонланган ва беморлар билан яқин мулоқотда ва мулоқот бўлган шахсларни карантинга жойлаштиришда Ҳукуматга ёрдам қўлини чўзмоқчилигини маълум қилмоқда.
QALAMPIR.UZ’га маълум қилинишича, AKFA Medline гумонланган шахсларни карантинда сақлаш учун ўз клиникаси, ходимлари ва мутахассисларини бириктиришга тайёр.
“Бугунги кунда, коронавирус пандемиясига қарши курашишда дунёдаги давлатлар бирлашмоқда ва инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилмоқда. Сўнгги хабарларга кўра, дунёда пандемия билан зарарланган одамлар сони 350 мингга яқинлашмоқда. 160 дан ошиқ давлат ва Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти, тиббиёт муассалари ушбу касаллик билан жадал кураш олиб бормоқда.
Шу ўринда, AKFA Medline клиникаси ҳам бу пандемияга қарши курашишда юртдошларимизни карантинда сақлаш учун ўз клиникаси, ходимлари ва мутахассислари билан "Пандемияни биргаликда енгамиз!" шиори остида, Соғлиқни сақлаш вазирлигига беғараз кўмакдош бўлишга тайёр эканлигини маълум қилади”, дейилади клиника хабарида.
Эслатиб ўтамиз, пойтахт Тошкентдаги "DANIEL HILL HOTEL" меҳмонхонаси хориждан келаётган фуқароларни қабул қилиш, уларни карантинда сақлаш ва 3 маҳал овқат билан таъминлаш таклифи билан чиққанди.