Тошкентдаги “DANIEL HILL HOTEL” меҳмонхонаси 350 кишини карантинда сақлаб бериш ташаббуси билан чиқди
Жамият
−
22 Март 2020
7555Маълумки, коронавирус билан боғлиқ Ўзбекистондаги вазият кундан кунга жиддий тус олиб бормоқда. Мамлакатда ушбу офатга қарши курашиш, инфекциянинг оммавий тарқалишининг олдини олиш фақат мутасаддилар ва давлатнинг вазифаси эмас, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи.
Айни вазиятда мамлакатда бир қатор тадбиркорлар кўрилаётган чораларни қўллаб-қувватлаб, камарбаста бўлишга тайёр эканини маълум қилмоқда.
Жумладан, пойтахт Тошкентдаги "DANIEL HILL HOTEL" меҳмонхонаси хориждан келаётган фуқароларни қабул қилиш, уларни карантинда сақлаш ва 3 маҳал овқат билан таъминлаш таклифи билан чиқди.
“Юртимиздаги карантин, ва мураккаб шароитни инобатга олиб, “DANIEL HILL HOTEL” меҳмонхонаси, чет эллик инвесторлар билан келишилган ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўмак ва хизмат учун тайёрлигини билдиради.
Ўзбекистон ҳудудига чет элдан келаётган ватандошларимизни карантинда сақлаш учун 350 киши учун мосланган 150 хона билан биргаликда, уларни 3 маҳал таом билан таъминлашга тайёр!”, дейилади меҳмонхона томонидан берилган баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 43 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor