АҚШдан депорт қилинган ўзбекистонликлар Коста-Рикага юборилди
Олам
−
22 Февраль 2025 7553 1 дақиқа
Жорий йилнинг 20 февраль куни АҚШдан депортация қилинган фуқароларнинг бир қисми Коста-Рика олиб борилди ва улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, Коста-Рика ҳукумати 200 муҳожирни, жумладан, Ҳиндистон ва Марказий Осиёдаги бир қанча давлатларнинг фуқароларини қабул қилишга рози бўлган. Уларнинг Коста-Рикадан ватанига қайтарилиши белгиланган.
Ушбу келишув доирасида амалга оширилган илк парвозда жами 135 нафар ноқонуний муҳожир бўлган, уларнинг деярли ярми вояга етмаганлардан иборат.
NBC News'га кўра, депортация қилинганлар орасида камида икки ҳомиладор аёл бўлган, аммо улар қайси давлатданлиги очиқланмаган.
Коста-Рика Президенти Родриго Чавес депортация қилинганлар орасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамда Ҳиндистон фуқаролари борлигини айтган.
Коста-Рика Ички ишлар вазири ўринбосари Омер Бадилланинг аниқлик киритишича, самолётда Тожикистон, Вьетнам, Грузия ва Озарбайжондан келган муҳожирлар ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ мамлакатдаги 200 дан ортиқ марказий осиёлик ва ҳиндистонлик ноқонуний мигрантларни Коста-Рикага юбориши хабар қилинганди. Марказий Осиё ва Ҳиндистондан борган ноқонуний шахслар тижорат рейслари орқали олиб келинади, шундан сўнг улар Корредорес кантонидаги мигрантларга хизмат кўрсатиш марказига жойлаштирилади.
Live
БарчасиНавоийда олтин ўғрилари қўлга олинди
19 Январь