Грузияда ўзбекистонликлар ҳам бўлган 59 нафар ноқонуний мигрант ушланди
Олам
−
19:19 636 2 дақиқа
Грузияда махсус миграция назорати тадбирлари давомида 13 давлат фуқароси бўлган 59 нафар ноқонуний мигрант ушланди. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Бу ҳақда бугун, 12 сентябрь куни Грузия Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, Грузия ИИВ Миграция департаменти ходимлари мамлакат бўйлаб махсус миграция назорати тадбирларини ўтказган. Тадбирлар доирасида турли жойлар ва турли мақсадларга мўлжалланган объектларда текширувлар амалга оширилган.
Текширувларнинг асосий мақсади Грузия ҳудудида қонуний асосларсиз бўлиб турган хорижий фуқароларни аниқлашдан иборат бўлган. Натижада Кения, Туркия, Россия, Ҳиндистон, Миср, Гана, Эфиопия, Ўзбекистон, Филиппин, Судан, Камерун, Хитой ва Озарбойжон фуқаролари бўлган 59 нафар ноқонуний мигрант аниқланиб, ушланган.
Қайд этилишича, ушланган шахслар Грузиянинг “Чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунида белгиланган талабларни бузган ҳолда мамлакатда бўлиб келган.
Ҳозирда улар Миграция департаментининг вақтинча жойлаштириш марказига олиб кетилган. Ушланган шахсларни Грузиядан чиқариб юбориш, яъни депортация қилиш бўйича тегишли тартиб-таомиллар амалга оширилмоқда.
Грузия ИИВ маълумотларига кўра, қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар кучга кирганидан буён Миграция департаменти ходимлари томонидан махсус миграция назорати бўйича 160 та тадбир ўтказилган.
Ушбу тадбирлар давомида жами 18 минг нафар хорижий фуқаронинг ҳужжатлари ва мамлакатда бўлиш қонунийлиги текширилган. Текширувларда аниқланган 1 минг нафар ноқонуний мигрант эса аллақачон Грузиядан чиқариб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия миграция қонунчилигини бузган ўзбекистонлик аёл 3 яшар фарзанди билан мамлакатга қайтарилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси