АҚШда ўлимга олиб келувчи эпидемия бошланди. Қурбонлар бор

Олам

image

АҚШда Cyclospora паразити келтириб чиқарган циклоспороз касаллиги тарқалиши даврида илк бор икки киши вафот этди. Бу ҳақда Мичиган штати Соғлиқни сақлаш департаменти маълум қилди.

Қайд этилишича, соғлиғида бошқа оғир муаммолари бўлган икки нафар бемор вафот этган. Шу тариқа, мамлакатдаги жорий эпидемия давомида илк бор ўлим ҳолатлари расман қайд этилган.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази маълумотларига кўра, жорий 1 майдан буён мамлакатнинг 45 штатида Cyclospora билан боғлиқ тасдиқланган ёки гумон қилинган ҳолатлар сони 18 мингдан ошган. Бу АҚШ тарихидаги энг йирик циклоспороз эпидемияси ҳисобланмоқда.

Касаллик энг кўп тарқалган штатлардан бири – Мичиган ҳудудида жорий йилнинг 22 июнидан буён 11,2 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган. Штатда 190 нафардан ортиқ бемор шифохонага ётқизилган бўлса, мамлакат бўйлаб шифохонага ётқизилганлар сони 400 нафардан ошган.

Мутахассисларнинг айтишича, Cyclospora одам нажаси билан ифлосланган озиқ-овқат ва сув орқали юқади. Касалликнинг энг кўп учрайдиган белгиси узоқ давом этадиган кучли ич кетишидир. Айниқса, кексалар, иммунитети заиф шахслар ва сурункали касаллиги бор беморларда бу оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Мутахассислар иммунитети заиф инсонлар касалликка кўпроқ мойил эканини қайд этиб, фуқароларни озиқ-овқат гигиенасига риоя қилиш ва аломатлар пайдо бўлганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилишга чақирмоқда.

Расмийлар кўплаб ҳолатлар олдиндан тўғралган айсберг салати истеъмоли билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича мутахассислар қадоқланган ва олдиндан тўғралган маҳсулотлар ўрнига бутун мева-сабзавотларни танлаш, уларни оқар сувда яхшилаб ювиш ҳамда озиқ-овқат гигиенасига қатъий риоя қилишни тавсия этмоқда.

Экспертларнинг қайд этишича, соғлом одамларнинг аксарияти касалликни енгил ўтказади. Бироқ узоқ давом этадиган ич кетиши ва унинг оқибатидаги сувсизланиш, айниқса кексалар, иммунитети заиф ва сурункали касаллиги бор одамларда оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Уларнинг фикрича, касалликни эрта аниқлаш ва антибиотиклар билан ўз вақтида даволаш оғир асоратлар хавфини сезиларли даражада камайтиради.

Маълумот учун, циклоспороз – Cyclospora cayetanensis номли микроскопик паразит келтириб чиқарадиган ичак инфекцияси ҳисобланади. Касаллик асосан одам нажаси билан ифлосланган сув ёки озиқ-овқат, айниқса хом сабзавот ва меваларни истеъмол қилиш орқали юқади. Унинг асосий белгиси узоқ давом этадиган кучли сувли ич кетиши бўлиб, оғир ҳолатларда сувсизланишга, айниқса иммунитети заиф, кексалар ва сурункали касаллиги бор одамларда жиддий асоратларга олиб келиши мумкин. Унга қарши вакцина мавжуд эмас, бироқ касаллик одатда антибиотиклар билан муваффақиятли даволанади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикаси ғарбидаги Квилу провинциясининг бир нечта қишлоқларида номаълум касаллик икки ҳафта ичида 14 кишининг ҳаётига зомин бўлган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг