Аҳоли ваҳимада: Конгода 14 киши номаълум касаллик қурбони бўлди
World
−
23 June 2098 2 minutes
Конго Демократик Республикаси ғарбидаги Квилу провинциясининг бир нечта қишлоқларида номаълум касаллик икки ҳафта ичида 14 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда “Africa-info” хабар берди.
Қайд этилишича, Конго ғарбида номаълум касаллик авж олиши ортидан хавотир кучаймоқда. Бир нечта қишлоқ аҳолиси ўлим ҳолатлари ҳақида хабар бермоқда, оилалар эса касаллик янада тарқалишидан қўрқиб, ўз уйларини ташлаб кетяпти.
Нашрнинг ёзишича, касаллик тарқалиши ҳақидаги маълумотларни ҳудуд депутати Жак Илунга ва маҳаллий шифокорлар келтирган. Уларнинг маълумотларига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида камида 14 киши ушбу касаллик қурбонига айланган. Вазият аҳоли ўртасида оммавий ваҳимага сабаб бўлган. Баъзи оилалар жабрланган аҳоли пунктларини тарк этиб, қўшни ҳудудларга кўчиб ўтишни бошлаган.
Шу билан бирга, провинциянинг собиқ соғлиқни сақлаш вазири Бена Мутуйя ҳалок бўлганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини айтган.
“Қурбонлар сони 20 кишига етиши мумкин”, дейди у.
Жак Илунга давлат органларига мурожаат қилиб, жабрланган қишлоқларга зудлик билан санитария бригадаларини юборишни сўраган. Унинг сўзларига кўра, мутахассислар касаллик сабабини аниқлаш учун биоматериаллар намуналарини олиши ва лаборатория тадқиқотларини ўтказиши зарур.
Ҳозирча Конго Демократик Республикаси расмийлари касаллик қўзғатувчисининг табиати ва юзага келиши мумкин бўлган хавф кўлами ҳақида расмий баёнот бергани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасининг шарқида давом этаётган Эбола эпидемиясида тасдиқланган касалланиш ҳолатлари сони 1 003 нафарга етгани ва улардан 254 нафари вафот этгани ҳақида хабар қилинган эди.