АҚШда сайлов. Трамп штаби Невада штатига қарши судга даъво киритди

Олам 7443
image

АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзоди кўрсатилган амалдаги давлат раҳбари Дональд Трампнинг сайловолди штаби Невада штатида бюллетенларни санашда ноҳақликлар бўлган деб ишоняпти ва бу бўйича штатга қарши судга даъво аризаси киритди.

Дональд Трампнинг сайловолди штаби аъзоси, АҚШ миллий разведкаси раҳбари вазифасини бажарган Ричард Гренелл Лас-Вегасдаги матбуот анжуманида Невада овозларни санашдаги товламачиликлар бўлганини таъкидлаган.

“Бу мамлакатда ноқонуний овоз ҳисоблашга йўл қўйилмайди ва Невадада худди шу нарса юз бермоқда”, деган Гренелл.

Аввалроқ, Трамп штаби Аризона ва Невада бюллетенларни санаш бўйича судга шикоят қилиш ниятида экани айтилганди.

Бунгача эса Трамп сайлов штаби 3 та штат – Жоржия, Пенсильвания ва Мичиганда бюллетенлар қайта ишланиши тўхтатилиши талаби билан судга даъво аризалари топширганди. Ҳудди шундай ҳолат Висконсинда ҳам юз бериши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда Президент сайлови жорий йилнинг 3 ноябрь куни ўтказилди. Аммо пандемия шароитида почта орқали овоз бериш йўлаг қўйилгани боис, бюллетенлар етиб келиши вақт оляпти ва якуний натижаларни чиқариш ҳам чўзиляпти. Трамп эса бундан норози. У сайлов участкаси ёпилганидан кейин келган бюллетенларни ҳисобламасликни талаб қиляпти.

Қайд этиш керакки, Дональд Трамп аввалбоўдан бундай овоз бериш усулига қарши чиққанди. У бу орқали сайлов натижаси сохталаштирилиши мумкинлигидан хавотирда.

Айни вақтда Дональд Трамп сайловчи коллегияларнинг 214 та овозини олган. Унинг рақиби Жо Байден эса 264 та шундай овоз билан олдинда боряпти. Байденга ғалаба учун яна 6 та овоз керак. Ҳозирда Жоржия, Шимолий Каролина, Невада ва Пенсильвания штатларида бюллетенларни саралаш ишлари давом этяпти. Аввал бошда бу штатларда Трамп устунлик қилган бўлса, борган сари Байден орадаги фарқни қисқартиряпти.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 243
Рейтинг: 3
t
×