АҚШ, Жанубий Корея ва Япония КХДРга қарши курашни кучайтиради

Олам

image

АҚШ, Жанубий Корея ва Япония Шимолий Корея таҳдидларига жавоб бериш учун чора-тадбирларни кучайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Америка миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Сеулда маълум қилди. 

"Биз Шимолий Кореядан кибержиноят ва пул ювишдан тортиб, космик синовлар, баллистик ракеталарнинг учирилишигача бўлган чақириқларга қарши туриш учун янги уч томонлама ташаббусларни бошладик", дейди Салливан.

У уч давлат Тайвань бўғозининг ҳар икки томонида тинчлик ва барқарорлик ҳамда Шарқий-Жанубий Хитой денгизида навигация эркинлигини ҳимоя қилишда давом этишига ваъда берган.

Уч давлат вакилларининг фикрича, Шимолий Корея БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ядросизланиш ва ҳарбий ҳамкорликни тақиқлаш бўйича резолюциялари доирасидаги мажбуриятларни бажариши керак ҳамда уч томон бу мажбуриятларнинг қатъий бажарилишини таъминлаш учун ҳамкорликни кучайтиради.

Сеулдаги учрашувда Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинган.

“Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг чуқурлашиб бораётгани Шимолий Кореяга ўтган ой йил бошида икки муваффақиятсиз уринишдан кейин орбитага ҳарбий айғоқчи сунъий йўлдошни муваффақиятли олиб чиқишга ёрдам берган кўринади”, дейилади хабарда.

Айни пайтда Шимолий Корея давлат ОАВлари Пхеньян разведка сунъий йўлдошларини учиришни давом эттириш ниятидалигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 ноябрь куни Шимолий Корея ўзининг разведка йўлдошини учирганди. Бунга жавобан 22 ноябрь куни Корея Республикаси кескинликни камайтириш бўйича Кореялараро келишувнинг амал қилишини қисман тўхтатганини эълон қилди. Ушбу чора учиш тақиқланган зоналар ҳақидаги қоидаларга тегишли эди. 23 ноябрь куни КХДР Мудофаа вазирлиги энди бутун келишувга риоя қилмаслигини ва ҳужжатда тақиқланган чораларни қўллашни қайта бошлашини маълум қилди. 

Кейинчалик Ким Чен Ин разведка сунъий йўлдоши томонидан Жанубий Кореянинг Пусан шаҳридаги Американинг “USS Carl Vinson” ядровий авиаташувчи кемаси ва Гавайидаги ҳарбий базалар акс этган суратларни ўрганганди. Бундан ташқари, у “Муллигёнг-1” разведка сунъий йўлдоши томонидан олинган Оқ уй ва Пентагон суратларини кўздан кечирди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Жанубий Корея Шимолий Корея Япония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг