Ким Чен Ин жосус аппарати билан Оқ уй ва Пентагонни кузатди
Олам
−
28 Ноябрь 2023
11357Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин “Муллигёнг-1” разведка сунъий йўлдоши томонидан олинган Оқ уй ва Пентагон суратларини кўздан кечирди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Бугун, 28 ноябрга ўтар кечаси Пхеньян Аэрокосмик технологиялар бош бошқармаси ҳузуридаги Умумий назорат ва тартибга солиш маркази мамлакат раҳбарига сунъий йўлдошни разведка вазифаларини тўлиқ бажаришга тайёрлаш бўйича навбатдаги ҳисоботини тақдим этган. Марказ АҚШнинг Виржиния штатидаги Норфольк ҳарбий-денгиз базаси, Ньюпорт Ньюс кемасозлик заводи ва аэродром ҳудудининг Пхеньян вақти билан 27 ноябрь соат 23:35 да олинган, Оқ уй ва Пентагоннинг эса соат 23:36 да олинган фотосуратларини тақдим этган.
Агентликнинг билдиришича, Норфольк ҳарбий-денгиз базаси ва Ньюпорт-Ньюс кемасозлик заводининг фотосуратларида АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг тўртта ядровий самолёт ташувчиси ва Британиянинг битта самолёт ташувчиси кўрсатилган.
Бундан ташқари, Ким Чен Инга Американинг Тинч океанидаги Гуам ороли ҳудудида жойлашган Андерсен авиабазасининг 27 ноябрь куни маҳаллий вақт билан 09:17 да олинган сурати, шунингдек, Италия пойтахтининг 25 ноябрь оқшомида олинган сурати ҳам намойиш этилган.
Маълумот учун, 21 ноябрь куни КХДР “Чоллима-1” ракетасида ўзининг биринчи разведка йўлдоши “Муллигёнг-1”ни муваффақиятли учирган. Бунга жавобан 22 ноябрь куни Корея Республикаси кескинликни камайтириш бўйича Кореялараро келишувнинг амал қилишини қисман тўхтатганини эълон қилган. Ушбу чора учиш тақиқланган зоналар ҳақидаги қоидаларга тегишли эди. 23 ноябрь куни КХДР Мудофаа вазирлиги энди бутун келишувга риоя қилмаслигини ва ҳужжатда тақиқланган чораларни қўллашни қайта бошлашини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ким Чен Ин разведка сунъий йўлдоши томонидан Жанубий Кореянинг Пусан шаҳридаги Американинг “USS Carl Vinson” ядровий авиаташувчи кемаси ва Гавайидаги ҳарбий базалар акс этган суратларни ўрганганди.
LiveБарчаси