Ким Чен Иннинг янги жосуслик аппарати “душман" ҳудудига оид илк расмларни жўнатди
Олам
−
25 Ноябрь 2023
8063Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин разведка сунъий йўлдоши томонидан Жанубий Кореянинг Пусан шаҳридаги Американинг “USS Carl Vinson” ядровий авиаташувчи кемаси ва Гавайидаги ҳарбий базалар акс этган суратларни ўрганди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Бугун, 24 ноябрь куни Ким Чен Ин космик марказга ташриф буюрди. Унга “душман ҳудудидаги муҳим нишонлар”, жумладан, Жанубий Кореянинг Гангнеунг, Пусан, Пхоохан, Тэгу ва Улсан ҳудудларидан олинган фотосуратлар кўрсатилган. Ушбу фотосуратлар 25 ноябрь куни маҳаллий вақт билан 09:59 дан 10:02 гача бўлган вақтда суратга олинган.
“Соат 10:01:10 да разведка сунъий йўлдоши томонидан олинган суратда Пусаннинг Рёнгҳо кварталидаги ҳарбий портдаги АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг “USS Carl Vinson” ядровий самолёт ташувчи кемаси ҳам акс этган”, дейилади агентлик хабарида.
Сунъий йўлдош, шунингдек, Гавайи ороллари устидан учиб ўтган ва у ерда Пёрл-Ҳарбордаги ҳарбий-денгиз базаси ва Ҳикам ҳаво кучлари базасини расмга туширган. Бу суратлар Пхеньян вақти билан 05:13 да олинган.
Ким Чен Ин Аэрокосмик технологиялар бош бошқармаси ходимларининг “саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган”. Мутахассислар раҳбарга сунъий йўлдошнинг разведка миссияларининг "расмий бошланиши"га тайёргарлик ҳақида ҳисобот берган. Маълум бўлишича, сунъий йўлдош 1 декабрь атрофида ўз вазифаларини тўлиқ бажаришга киришади.
Бундан ташқари, агентлик Ким Чен Ин “душман томон ҳудудидаги асосий нишонлар, жумладан Мокпхо, Гунсан, Пхёнтхэ́к, Осан ва Сеулнинг фотосуратларини батафсил кўриб чиққани” ҳақида хабар берган. Пхёнтхэкда Американинг йирик ҳарбий базаси жойлашган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 ноябрь куни Шимолий Корея "Малиген-1" сунъий йўлдошини орбитага муваффақиятли олиб чиққанди. Бунгача Пхеньян август ва май ойларида икки марта сунъий йўлдош учирган, бироқ улар муваффақиятсиз тугаганди. Япония ҳам бу сафарги учириш муваффақиятли ўтгани, орбитада КХДР сунъий йўлдоши бўлиши мумкин бўлган объект борлигини тасдиқлади.
LiveБарчаси