АҚШ ва Россия лидерлари учрашувидан олдин Зеленский Байден билан гаплашмоқчи

Олам 2420
image

Тез кунларда Украина Президенти Владимир Зелеский ва АҚШ Президенти Жо Байден телефон орқали суҳбат ўтказиши мумкин. Бу ҳақда Украина Вазирлар Маҳкамасига асосланиб хабар берилган. 

Қайд этилишича, ушбу суҳбат катта эҳтимол билан Байден ва Россия Президенти Владимир Путиннинг Женевадаги саммитидан олдин бўлиб ўтади.  

Маълумот ўрнида, Байден ва Зеленский биринчи марта телефон орқали жорий йилнинг апрель ойи бошида гаплашишган. Байден суҳбатда АҚШ Россиянинг Донбасс ва Қримдаги тажовузлари олдида Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини чексиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган. 

Аввалроқ, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Жо Байден ўртасидаги учрашув жорий йилнинг 15-16 июнь кунлари Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтиши ҳақида хабар бергандик.  

Эслатиб ўтамиз, Байден ва Путин 13 апрель куни телефон орқали мулоқот қилди. Мулоқот вақтида Байден учинчи давлатда Россия-АҚШ саммитини ўтказиш таклифини билдирган.

Бундан аввал, аниқроғи март ойида АҚШ Президенти Жо Байден Владимир Путинни “қотил”, деб билишини айтган эди. Бунга жавобан, Путин Америка раҳбарига соғлик тилаб, уни жонли эфирдаги мунозарага таклиф қилди. Байден жамоаси эса Россия раҳбарининг ушбу ташаббусига рад жавобини берганди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 56
Рейтинг: 3
t
×