АҚШ Ўзбекистондан бир неча минг афғонистонликни қабул қилишни сўрамоқда — ОАВ

Олам

image
0:00
0:00
download

АҚШ Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан америкаликларга ёрдам берган 9 минг афғонистонликка вақтинча бошпана беришни сўрамоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” ўз манбаларига асосланиб ёзмоқда.

Маълум қилинишича, ушбу битим Афғонистон масаласида Марказий Осиё мамлакатлари билан келгуси ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кенгроқ келишувнинг бир қисми бўлади. 

“Ўзбекистон ва Тожикистон Ташқи ишлар вазирлари шу ҳафта Вашингтонда бўлиб турибди. Томонлар АҚШга ушбу икки мамлакат ҳудудидан разведка ҳамда кузатув олиб боришга имкон берадиган битимни муҳокама қилмоқда”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, АҚШ ва хорижий давлатлар қўшинлари Афғонистонни тарк этаётган пайт қарийб 26 мингдан ортиқ афғонистонлик ўз ватанида хавф остида қолмоқда. Улар ўз вақтида АҚШнинг Афғонистондаги операцияларига кўмаклашган. Шу сабаб, тобора фаоллашиб бораётган “Толибон”нинг уларга ҳужум қилиш хавфи мавжуд.

“Халқаро коалиция қўшинларига, асосан, таржимон сифатида ёрдам берган ўн минглаб афғонистонликларнинг тақдири алоҳида ташвишга солмоқда”, дея қайд этган “The Wall Street Journal”.

Толиблар уларни хоин, деб билишади ва аллақачон, нафақат таржимонларнинг ўзларини, балки яқин қариндошларини ҳам намойишкорона қатл қилишган, дейилади “Al jazeera” телеканали хабарида.

АҚШ ҳарбий-денгиз флотининг адмирали Жеймс Ставридис “Bloomberg Opinion” учун ёзган мақоласида ҳар қандай усул билан, ҳатто бунинг учун уларни оммавий равишда эвакуация қилишга тўғри келса ҳам АҚШ иттифоқчиларини “Толибон”дан ҳимоя қилишни таклиф қилган: акс ҳолда уларни Вьетнамда қолдирилган Америка иттифоқчиларининг қийноқларга солинган тақдири кутмоқда.

Массачусетс штатидан Вакиллар палатаси аъзоси ҳамда собиқ денгиз пиёдаси Сет Мултон алоҳида виза шартларига лойиқ, деб ҳисоблаган ҳамда АҚШга ёрдам берган 20 минг таржимон ва бошқа афғонларни эвакуация қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тайёрламоқда.

Тошкентда бўлиши кутилаётган анжуман

Жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкентда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидагиги юқори даражали халқаро анжуман бўлиб ўтади. Унда тахминан 14 дан ортиқ давлат раҳбарлари иштирок этади. Қайд этиш керакки, Афғонистон масаласи ҳам халқаро анжуман кун тартибидан ўрин олади.

АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди. Бундан ташқари, Италия ва Германия ҳам ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетди. 

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.

Фаоллашган "Толибон"

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ “Толибон”

Баҳолаганлар

769

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг