АҚШ дипломатлари оилаларига Украинадан кетишни буюрди
Олам
−
24 Январь 2022
5159АҚШ Давлат департаменти Американинг Киевдаги элчихонаси ходимларининг оилаларига мамлакатни тарк этишни буюрди, шунингдек, дипломатик ваколатхона ходимларининг бир қисмига бунинг учун рухсат берди. Бу ҳақда Давлат департаменти баёнотида айтилади.
“Давлат департаменти фавқулодда вазиятлардан ташқари вазифаларни бажараётган АҚШ давлат хизматчиларининг ўз ихтиёри билан кетишига рухсат берди. Шу билан бирга, Давлат департаменти АҚШ давлат хизматчиларининг оила аъзоларига Американинг Киевдаги элчихонасини тарк этишни буюрди”, дейилган хабарда.
Аниқлик киритилишича, буйруқ “элчихонадаги АҚШ давлат хизматчиларининг барча оила аъзоларига” тегишли.
“Четга чиқиш рухсатномаси кўрсатилган ходимларга агар улар хоҳласа кетиш имконияти берилади, улар кетиши шарт эмас. Бироқ оила аъзолари мамлакатни тарк этиши шарт”, дейилган хабарда.
Қайд этилишича, ушбу буйруқларнинг жиддийлигини баҳолаш 30 кундан кечиктирмай амалга оширилади. Ходимлар ва уларнинг оила аъзолари сонига аниқлик киритилмаган.
Давлат департаменти вакилининг таъкидлашича, АҚШ ҳукумати ўз фуқароларига “Россия ҳарбий ҳаракати таҳдиди кучайгани сабабли” Украинага бормасликни тавсия қилган.
“АҚШ фуқаролари тижорий рейслар ёки шахсий транспортнинг бошқа шаклларидан фойдаланган ҳолда кетишни ўйлаб кўриши керак”, дейилади Давлат департаменти баёнотида.
Брифингда эълон қилинган версияга кўра, “бу қарорлар Россиянинг мамлакатдаги барқарорликни бузишга уринишлари туфайли эҳтиёт чораси сифатида қабул қилинган”. Давлат департаменти расмийлари Украинадаги америкаликларнинг аниқ сонини айта олмаётганини таъкидлаган.
Украинадаги барча АҚШ фуқароларига алоқада бўлишни осонлаштириш учун махсус электрон шаклни тўлдириш тавсия қилинган. Шунингдек, АҚШнинг Киевдаги элчихонаси фаолиятини давом эттириши ва эълон қилинган чоралар Вашингтоннинг Киевга берган ёрдамини ҳеч қандай тарзда камайтирмаслиги таъкидланган.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден Болтиқбўйи мамлакатлари ва Шарқий Европада Қўшма Штатлар қўшинлари, ҳаво кучлари ва денгиз флотини жойлаштириш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар бергандик.
Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида баёнотлар пайдо бўлди. Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни бўш ва асоссиз кескинликнинг кучайиши деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия ҳеч кимга таҳдид солмайди. Шу билан бирга, Песков бундай баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини инкор этмади ва Украина жануби-шарқидаги инқирозни куч билан ҳал қилишга уринишлар энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь