АҚШ “Толибон”га жиддий огоҳлантириш билан чиқди
Олам
−
23 Декабрь 2022
12746Агар Афғонистонда қизларнинг таълим олиши тикланмаса, Америка Қўшма Штатлари Ғарбдаги иттифоқчилари билан “Толибон”га қарши чора кўради. Бу огоҳлантиришни кеча, 22 декабрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“[“Толибон” ҳаракати учун] агар бу (қизларнинг ўқишини тўхтатиш тўғрисидаги қарор – таҳр.) бекор қилинмаса, ўзгартирилмаса, бадаллар бўлади. Бугун мен улар ҳақида батафсил гапирмайман, лекин биз буни иттифоқчилар ва ҳамкорлар билан ҳаракатларни мувофиқлаштириш орқали қиламиз”, дейди Америка дипломатияси раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, “Толибон” жаҳон ҳамжамияти билан муносабатларни яхшилашга интилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 декабрь куни “Толибон” ҳаракати мамлакат университетларидан талаба қизлар учун дарсларни кейинги огоҳлантиришгача тўхтатишни талаб қилди. Бунинг ортидан АҚШ маъмурияти ўз иттифоқчилари билан биргаликда Афғонистондаги олий ўқув юртларида қизларнинг ўқиши тўхтатилгани муносабати билан “Толибон” ҳаракатига қарши чора кўришни режалаштираётгани маълум қилинди.
"Толибон"га кўра, бундай қарорга “[университет] ётоқхоналарида аёлларнинг бўлиши ва уларнинг вилоятлардан [ўқиш учун] эркаклар ҳамроҳлигисиз келиши, талаба қизларнинг ҳижоб ўраш қоидаларига риоя қилмаслиги, эркак ва аёлнинг биргаликда ўқиши, баъзи факультетларда қизларнинг ўқитилиши ислом қонунларига зид ва афғонларнинг ғурурига путур етказиши сабаб бўлган.