АҚШ “соя флоти”га мансуб яна бир кемани қўлга олди

Олам

image

АҚШ ҳарбийлари Ҳинд океанида санкцияларни бузганликда гумон қилинган Aquila II номли нефть танкерини қўлга олганини маълум қилди. Бу ҳақда Пентагоннинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берилди.

Баёнотга кўра, Aquila II Президент Дональд Трамп томонидан санкциялар остидаги кемалар учун жорий этилган Кариб денгизидаги карантин талабларига зид равишда ҳаракат қилган. Кема Кариб денгизидан қочиб чиққан, АҚШ Мудофаа вазирлиги эса уни Кариб денгизидан Ҳинд океанигача кузатиб борган. Баёнотда таъкидланишича, дунёда АҚШдан бошқа бирорта давлат бундай миқёсда ўз иродасини мажбуран ўтказа олиш имкониятига эга эмас.

MarineTraffic хизматининг маълумотларига кўра, Aquila II танкери охирги марта 99 кун аввал ўз жойлашуви ҳақида сигнал узатган бўлиб, ўшанда у Болтиқ денгизида бўлган ва Панама байроғи остида сузган.

ОАВ маълумотига кўра, 6 декабрь куни Aquila II Венесуэладаги Хосе терминалида Мерей маркали қарийб 1 миллион баррель нефть юклаган. Шу билан бирга, кема ўз жойлашуви ҳақида сохта маълумотлар узатган ва юкини яширишга уринган, бу эса унинг “соя флоти”га мансублигидан далолат беради.

Vesselfinder портали маълумотларига кўра, Aquila II АҚШ, Европа Иттифоқи ва Буюк Британия санкциялари остида.

2025 йилнинг августида АҚШ Ҳиндистонга нисбатан қўшимча 25 фоизлик божлар жорий қилган ва буни мамлакатнинг Россия нефтини тўғридан тўғри ёки билвосита импорт қилаётгани билан изоҳлаган эди. Нью-Деҳли Россия нефтини харид қилишни тўхтатишга ваъда бергач, 7 февраль куни АҚШ Ҳиндистон маҳсулотларига нисбатан оширилган тарифларни бекор қилди. Шу билан бирга, Вашингтон Ҳиндистон Россиядан нефть харидини қайта бошласа, барча ҳинд маҳсулотларига божларни яна ошириши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 9 февраль куни Ҳиндистон расмийлари Араб денгизида АҚШ санкциялари остидаги учта танкерни – Никарагуа байроғи остидаги Al Jafzia, Мали байроғи остидаги Asphalt Star ва Эрон байроғи остидаги Stellar Ruby кемаларини ушлаб қолганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳинд океани соя флоти Aquila II

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг