Украина Қримга ёнилғи ташиётган Россиянинг саккизта “соя флоти” танкерига зарба берди (видео)
Олам
−
07 июл 7833 2 дақиқа
Украина ҳарбийлари бугун, 7 июль куни тунда Россиянинг “соя флоти”даги саккизта танкерига дрон зарбаларини берди. Бу ҳақда Украина Дрон кучлари Telegram орқали хабар берди.
Баёнотда айтилишича, халқаро санкциялар остида бўлган, ҳар бири тахминан 7 минг тонна юк кўтариш қувватига эга танкерлар Азов денгизида нишонга олинган. Маълум қилинишича, улар босиб олинган Қримга ёнилғи етказиб бераётган бўлган. Бу Киевнинг яриморолни янада яккалаб қўйишга қаратилган ҳаракатларининг бир қисми ҳисобланади.
Бўлинма томонидан эълон қилинган оқ-қора дрон тасвирларида кемаларга зарба берилиб, уларда ёнғин чиққанини кўриш мумкин.
Қайд этиш жоиз, Киев узоқ вақтдан буён халқаро ҳамкорларини Россия нефтини жаҳон бозорларига санкцияларни четлаб ўтиб етказиб бераётган кемаларга қарши чораларни кучайтиришга чақириб келмоқда. Украина қора денгизда Россия нефтини ташиётган айрим танкерларни денгиз дронлари ёрдамида ишдан чиқаришга қаратилган ҳужумларни амалга ошириб келяпти. Бу Москва даромад манбаларини қисқартиришга қаратилган кампаниянинг бир қисми ҳисобланади.
Шунингдек, сўнгги вақтларда Россия портларига кириб чиққан бир қатор танкерларда сабаби номаълум портлашлар ҳам юз берган. Украина бу ҳужумларга алоқадорлигини на тасдиқлаган, на рад этган. Бироқ денгиз хавфсизлиги соҳасидаги манбалар бу ҳужумлар ортида Украина турган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина бир кеча давомида Москвага 430 дан ортиқ учувчисиз учиш аппаратини учиргани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси