АҚШ Сенати Трамп масаласини 5 февраль куни ҳал қилади

Олам 3473
image

АҚШ Сенати Президент Дональд Трампнинг импичменти бўйича якуний овоз беришни 5 февраль, чоршанба кунига белгилади. Бу ҳақда “C-Span” канали эфирида маълум қилинди.

Сенатдаги сиёсий кўпчилик етакчиси Митч Макконнелл Трамп импичменти бўйича овоз беришни чоршанбагача кечиктиришни таклиф қилди. Унинг таклифини кўпчилик сенаторлар қўллаб-қувватлади.

Юқори палата жадвалига кўра, сенаторлар импичмент иши доирасида Трампни овловчи ёки айбловчи вердиктни қабул қилишдан аввал душанба куни соат 11:00 да муҳокамага йиғилади.

АҚШ Сенати кеча, 31 январь куни импичмент бўйича гувоҳлар эшитувини тўхтатиб қўйди. Натижада Трампнинг Миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон кўрсатма бериш имкониятидан маҳрум бўлди.

Маълумот учун, Дональд Трамп мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва Конгресс ишига тўсиқ бўлишда айбланяпти. Трампга қарши импичмент масаласи Президентнинг Украина раҳбари Владимир Зеленский билан телефон мулоқотидан кейин бошланганди. АҚШнинг Демократлар партияси Трампни Зеленскийга босим ўтказиб, собиқ вице-президент Жо Байден ва унинг ўғли Хантер Байденга қарши суриштирув бошлашга ундашда айблади.

Ўз навбатида Трамп буларнинг барини уйдирма деб атади. Президент импичменти бўйича ҳужжатлар жорий йилнинг 15 январь куни Сенатга юборилганди. Сенат орадан бир ҳафта ўтиб, импичментни кўриб чиқишни бошлаганди.

Эшитув давом этаётганда Трампга алоқадор видео тарқалди. Унда Президент Украинадаги АҚШ элчиси Мари Йовановични ишдан олишни буюрган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 126
Рейтинг: 2.9
t
×