Украина Россияга қарши урушда қанча бардош бера олади? – Трамп
Олам
−
27 Январь 2020
13852Аввалроқ, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ҳомийлар билан учрашувида олинган видеоёзув эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик. Унда Трамп Украинадаги АҚШ элчиси Мари Йовановични ишдан олишни буюргани қайд этилган.
“Associated Press” нашрига кўра, асли келиб чиқиши украиналик бўлган бизнесменлар Лев Парнас ва Игорь Фруман ҳам иштирок этган кечки овқатда Трамп Украина Россияга қарши урушда қанча вақт бардош бера олишига қизиқиш билдирган. Шунингдек, нега расмий Киевда пул йўқлиги ва Ким Чен Иннинг гольфни яхши ўйнаши ҳақида суҳбатлашилган. Трампнинг ўзи бундай учрашув бўлганини инкор қилди.
Лев Парнас ва Игорь Фруман Трампнинг импичментида асосий фигуралардан бўлган. Ўтган йили уларга АҚШнинг Украинадаги элчиси Мари Йовановични лавозимидан олишга уриниш айблови қўйилган.
Тадбир иштирокчилари Украинани муҳокама қилган. Хусусан, Трамп суҳбатдошларидан сўраган: “Улар Россияга қарши урушда қанча бардош бера олади?”. У шунингдек, Украинада нефть бор-йўқлигига қизиққан. Суҳбат давомида “Қандай қилиб уларда пул бўлмайди?”, деган савол ҳам янграган.
Парнасникига ўхшаш овоз Трампга “аввал элчидан қутилиш кераклигини” айтади.
Ёзувда кимдир, “Бизсиз, узоқ вақт туриб бера олмайди”, дейди. Трамп эса, “Бизсиз”, дея такрорлайди.
Президент яна, расмий Киев Россия билан можарода “ҳамма нарса яхши бўлади, деб ўйлаганми”, дея сўрайди. “Улар, агар сиз қўллаб-қувватласангиз, ҳамма нарса яхши бўлади, деб ишонади”, дея жавоб беради нотаниш кимса. “Ҳаммани қўллаб-қувватлаган доим фақат бизмиз ўзи”, дейди Трамп ва Европа мамлакатларини харажатни қоплашда етарлича иш қилмаётганидан шикоят қилади.
Бундан ташқари, Трамп бир неча дақиқада Хитой, Халқаро савдо ташкилоти (ХСТ) ва собиқ АҚШ Президенти кичик Жорж Бушни танқид қилишга улгурган.
“Хитой йиллардир бизни шилиб келади, яна биз уларга 2 трлн доллар қарзмиз”, дейди у. ХСТни эса ташкилот Хитойга истаганини қилишга рухсат берганини айтиб қоралайди.
“Хитой ХСТгача буюк эмасди”, деб таъкидлайди Трамп. Кичик Бушни эса Яқин Шарқда можаро келтириб чиқаришда айблайди.
“Буш бизни урушга суқди, Яқин Шарқдаги вазиятга аралаштирди, қандай қойилмақом. Биз ҳозир Яқин Шарқдамиз ва бу бизга 7 трлн долларга тушди”. Деган Трамп.
Видеонинг кесиб олинган ўринларини “ABC News” телеканали эълон қилди. Унда кечки овқат Вашингтондаги Trump International Hotel`да бўлгани айтилади. “Bloomberg” ёзув Трампнинг импичментига алоқадор эканини таъкидлаяпти. Демократлар эса Йованович Трампнинг Украинага босим ўтказиб, ота-бола Байденларга қарши суриштирув бошлашига эришиши учун тўсиқ бўлганини иддао қиляпти.