АҚШ-Россия музокараларининг кейинги босқичи Москвада бўлади
Олам
−
11 Июнь 3371 2 дақиқа
Россия ва АҚШ ўртасидаги учинчи босқич музокаралари яқин кунларда Москвада бўлиб ўтади. Бу ҳақда Россиянинг АҚШдаги янги элчиси Александр Дарчиев ТАСС нашрига берган интервьюсида сўз очди.
Нашр журналисти дипломатдан АҚШ маъмурияти Москва билан муносабатларни яхшилаш бўйича берган ваъдаларини амалий ҳаракатлар билан мустаҳкамлаётгани, навбатдаги маслаҳатлашувлар қачон ва қаерда бўлиб ўтиши ҳақида сўраган.
Дарчиевнинг таъкидлашича, муносабатларни “соғломлаштириш” жараёни олдинга силжимоқда, бироқ бу ҳаракат ҳали ортга қайтиши ҳам мумкин. Унинг фикрича, бу жараён нафақат Оқ уй мухолифлари, балки Конгрессдаги баъзи бир одамлар томонидан ҳам қийинлаштирилмоқда.
“Тасдиқлайман, делегациялар ўртасидаги навбатдаги музокаралар яқин кунларда Москвада бўлиб ўтади”, дея қўшимча қилган Дарчиев.
Унинг сўзларига кўра, Россия-АҚШ муносабатларини тўлиқ нормаллаштиришгача ҳали анча йўл бор, аммо бу йўлдаги ҳаракат давом этмоқда.
Дональд Трамп маъмурияти ҳокимиятга келгач, АҚШ Москва билан алоқаларни тиклашга киришган эди. Икки томон вакиллари телефон орқали мулоқот қилди, музокарачилар Россия ва АҚШга сафар қилди, шунингдек, учинчи давлатларда ҳам учрашувлар бўлиб ўтмоқда – масалан, Саудия Арабистонида.
18 февраль куни Ар-Риёдда икки томон делегациялари уч йил ичида илк бор тўлақонли музокаралар ўтказди. Музокараларда Украина можаросини тартибга солиш ва Москва-Вашингтон муносабатларини тиклаш масалалари муҳокама қилинди. 27 февраль куни Истанбулда элчихоналар фаолиятини нормаллаштириш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Дарчиев бу учрашувда Россия делегациясига раҳбарлик қилган, ўша пайтда у ҳали элчи лавозимига номзод бўлган.
Шундан сўнг 24 март куни Ар-Риёдда эксперт гуруҳлари “Қора денгиз ташаббуси”ни амалга ошириш ва Украинадаги энергетика инфратузилмасига зарбаларни тўхтатиш бўйича объектлар рўйхатини келишиб олди.
Юқори мартабали шахсларга кўра, кейинги босқичларда Москва АҚШдан икки мамлакат ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни қайта тиклаш бўйича аниқ жавоб олишга умид қилмоқда.
Live
Барчаси