АҚШ орзусидаги ўзбекистонликлар Пуэрто-Рикода ҳибсга олинди
Олам
−
08 Февраль
7969Америка Қўшма Штатлари Хавфсизлик департаментининг Тергов бошқармаси (HSI) 3 февралга қадар АҚШ бўйсунувидаги Пуэрто-Рикода федерал иммиграция қонунларини бузганликда айблаб, 100 кишини, жумладан Ўзбекистон фуқароларини ҳам ҳибсга олди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, ҳибсга олишлар жорий йил 26 январда бутун мамлакат бўйлаб бошланган операциялар доирасида ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ноқонуний иммиграцияга қарши курашиш бўйича буйруқларига биноан амалга оширилган. Мазкур буйруқ ноқонуний иммиграция қилган шахсларни аниқлаш, улар билан ишлаш ва уларни ўз ватанига депортация қилишни талаб қилади.
“2025 йил 3 февраль ҳолатига кўра, HSI Сан-Хуан ҳудудида ҳибсга олинганлар жами 100 кишидан иборат. Улар орасида Гватемала, Эквадор, Доминикан Республикаси, Гаити, Мексика, Хитой Халқ Республикаси, Доминикан, Бразилия, Британия Виржиния ороллари, Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Исроил, Италия ва Япония фуқаролари бор”, дейилади хабарда.
HSI маълум қилишича, ҳибсга олинганлар АҚШ Ҳибсга олиш ва депортация бошқармаси ҳамда Божхона ва чегара ҳимояси бошқармасининг Пуэрто-Рико ва Британия Виржиния оролларидаги иншоотларида процессуал жараёндан ўтказилмоқда.
Маълумот учун, Пуэрто-Рико Вашингтоннинг кўплаб федерал қонунларга амал қиладиган Америка Қўшма Штатларининг ҳудуди ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябргача АҚШдан Ўзбекистонга 572 киши чиқариб юборилгани хабар қилинганди. 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябргача мамлакатдан депортация қилинган муҳожирлар сони 2014 йилдан бери энг юқори даражага чиққан.
LiveБарчаси