АҚШга борадиган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Жамият
−
13:00 556 2 дақиқа
АҚШга учаётган ўзбекистонликлар жорий йилнинг 3 ноябридан кучга кирадиган янги талаб ҳақида огоҳлантирилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унга кўра, АҚШга хорижий давлатлардан учадиган барча йўловчилар, жумладан, транзит йўловчилар ҳам Конго Демократик Республикасида (КДР) бўлмаганини тасдиқловчи декларацияни тўлдириши шарт. Янги талаб АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) томонидан жорий этилмоқда.
Қайд этилишича, йўловчилар АҚШга учишдан олдинги 21 кун давомида КДР ҳудудида бўлмаганини тасдиқловчи қоғоз ёки электрон декларацияни тўлдириши ва имзолаши керак.
КДР аэропорти орқали транзитдан ўтиш ҳам мамлакат ҳудудида бўлганлик деб ҳисобланади. Бу йўловчи самолётдан ёки аэропортдан чиқмаган ҳолатларга ҳам тегишли.
18 ёшга тўлмаган йўловчилар учун декларацияни ота-онаси, васийси ёки бошқа ваколатли шахс тўлдириб, имзолайди. Декларацияни тақдим этмаган йўловчилар рейсга қўйилмайди. Била туриб ёлғон маълумот бериш эса АҚШ қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.
Йўловчиларга парвоздан олдин талаблар билан танишиб чиқиш ва декларацияни аэропортга келишдан аввал тайёрлаб қўйиш тавсия этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ шарқий вақти билан 3 ноябрь соат 23:59 дан бошлаб, мамлакатга хориждан учиб борувчи барча йўловчилар, жумладан, транзит йўловчилар ҳам махсус декларация тўлдириши шартлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси27 Октябрь