Трамп “бўйсундириш”ни бошлади. Колумбия илк “қурбон”. Бу хавфлими?

Таҳлил

АҚШнинг 47-Президенти Дональд Трамп дунё ҳамжамиятига у бошчилигидаги мамлакат билан алоқалар кейинги 4 йилликда жуда мураккаб ва зиддиятли бўлиши ҳақида мессеж бера бошлади. Дастлаб Трамп Гренландия масаласида Дания Қироллиги Бош вазири Метте Фредериксен билан ўта хунук оҳангда гаплашгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабар билан параллел тарзда АҚШ тарихидаги энг улкан депортация компанияси расман бошланиб кетди. Айнан шу депортация жараёни Трамп учун дунё саҳнасида бошқа раҳбарлар билан кейинги 4 йилликда ҳали жуда кўплаб содир бўлиши кутилаётган жанжаллар сериясини бошлаб берди. Мексика, Бразилия, Гватемала ва Колумбияга камситишлар билан “ортилган” ноқонуний муҳожирлар бир қанча рейслар орқали депортация қилинди. Аммо бу кампания ўзининг илк кунларидаёқ жиддий муаммоларга учраб, икки давлат, хусусан, Мексика ва Колумбия АҚШ ҳарбий самолётларининг шу мақсадда келган рейсларига қўнишга рухсат бермади. Трамп эса ўч олишни биринчи бўлиб бу ишни қилган Мексикадан эмас, балки Колумбиядан бошлади. Трамп Колумбияни кейинги йилларда ўзининг энг кучли “калтак таёғи” бўлиб хизмат қилиши кутилаётган “божларни 25 фоизга ошириш” билан жазолади. Бундан ташқари, расмий Боготага яна бир қатор санкциялар ҳам жорий этиш билан таҳдид қилди. Якунда эса…

Ноқонуний муҳожирларга паст назар

Муҳожирлар депортацияси улар хоҳ қонуний, хоҳ ноқонуний бўлсин, одатда фуқаролик рейсларида амалга оширилади. Аммо Трампнинг оммавий депортация ҳаракати бунинг мутлақо акси бўлмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган ҳафта чоршанбага ўтар кечаси 460 нафар ноқонуний муҳожир ҳибсга олинган. Пайшанба куни эса ҳибсга олинган 538 нафар ноқонуний мигрантлар бирин-кетин оёқ-қўли кишанланган ҳолда АҚШ ҳарбий самолётларига чиқарилаётгани тасвирланган суратлар эълон қилинди. Трампнинг матбуот котиби Каролина Ливитт эса бу ҳолатни юзлаб “ноқонуний жиноятчилар” депортацияси деб номлади. У пайшанба куни ҳибсга олинган 538 ноқонуний мигрантнинг 373 нафари жиноий фаолият билан шуғулланганини қўшимча қилди. Ливитт улар орасида террорчиликда гумон қилинганлар, сайлов компанияси давомида Трамп томонидан танқид остига олиниб, Колорадо штатидаги Аурора шаҳрини “уруш ўчоғига” айлантирганлиги даъво қилинган Венесуэладаги Трен де Арагуа тўдасининг тўрт нафар аъзоси ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий жиноятларда айбланган бир неча ноқонуний шахслар борлигини айтди. Шу тариқа Трампнинг бутун бошли иккинчи президентлик муддати давомида энг устувор масала бўлиб ўртага чиқадиган мисли кўрилмаган тарихий депортация старт олди. Манбаларга кўра, самолётлардан бири пайшанба куни кечқурун Техаснинг Эл-Пасо шаҳридаги армия аэродромидан ҳавога кўтарилиб, Гватемалага йўл олган. Гватемалага бир эмас, иккита ҳарбий самолёт йўлга чиққан бўлиб, уларда 80 га яқин ноқонуний муҳожир бўлган.

Трамп маъмурияти мамлакатдан ноқонуний мигрантларни шундай қўпол тарзда депортация қилишда давом этди. Ҳафта охирида Бразилия ҳам депортация рейсини қабул қилди. Аммо бу сафар ҳарбий эмас, балки фуқаролик самолётида. Кўринишидан Трамп маъмурияти рейслар учун самолёт танлашда мамлакатларнинг обрўйига эътибор қаратаётгандек гўё. Аммо шундай бўлса-да, Бразилияга қайтарилганларга ҳам худди жиноятчидек муомалада бўлингани иддао қилинади. Қўл-оёғига кишан солинган 88 нафар бразилияликка 16 нафар хавфсизлик агенти ва саккиз нафар экипаж аъзоси “ҳамроҳлик” қилган. Аниқроғи, жуда ёмон ҳамроҳ бўлган. АҚШдан қайтарилган бразилияликларнинг кўпчилиги уларга самолётда жуда ёмон муносабатда бўлишганидан шикоят қилган. Баъзилар парвоз вақтида 4 соат давомида сув ҳам берилмагани ва ҳатто ҳожатхонага ҳам чиқишга рухсат этилмаганидан арз қилса, баъзилари бўғиқ ҳаво муҳитида нафас олишга қийналганини айтган. Бразилия Ташқи ишлар вазирлиги эса шанба куни қўлига муҳожирларни кишан солинган ҳолда олиб келган депортация рейсидаги барча камситувчи ҳолатларни қоралаб, АҚШдан бу ҳақда изоҳ талаб қилган.

Трампнинг депортация сиёсати Колумбияда “портлади”

Трампнинг ҳақоратли тарзда олиб бораётган депортация сиёсати сиёсий ва иқтисодий жанжалга айланиб кетиши ўзини узоқ куттирмади. Ортда қолган ҳафтанинг ўзидаёқ, аниқроғи 26 январь куни унинг бундай ёндашуви АҚШ ва Колумбия ўртасида жиддий қарама-қаршиликка сабаб бўлди. Колумбия АҚШдан муҳожирларни олиб бораётган икки ҳарбий самолётни мамлакат ҳудудига қўнишига рухсат бермади. Шу тариқа расмий Богота Мексикадан кейин АҚШ ҳарбий самолётларининг депортация рейсларини рад этган иккинчи Лотин Америкаси давлати бўлди. Бироқ юқорида таъкидланганидек, Трамп айнан Колумбияга бу ҳаракати учун жавоб қайтаришни маълум қилди. Трамп АҚШнинг энг йирик савдо шериги бўлган Мексикага нисбатан худди шундай чора кўриш билан таҳдид қилмади, бироқ АҚШга оқиб келаётган ноқонуний муҳожирларга қарши етарлича чора кўрмаса, Мексикани ҳам 1 февраль куни Канада билан бирга шундай “жазо” кутиши ҳақида огоҳлантирган. Колумбияга эса зудлик билан жавоб берган Трамп АҚШнинг Лотин Америкасидаги учинчи йирик савдо шериги ҳисобланадиган бу мамлакатга жазо чораси сифатида унинг АҚШга келаётган барча товарларига 25% тарифларни жорий қилинишини айтди. Бундан ташқари, яна қатор чекловлар, хусусан, Колумбия ҳукумати амалдорларига саёҳат тақиқи, визаларни бекор қилиш, банк ва молиявий санкциялар ҳам қўлланиши эълон қилинди. Шунингдек, Колумбия фуқаролари ва юкларига нисбатан кучайтирилган чегара текширувлари бошланиши айтилди. Трампнинг қўрқитишлари бўйича “бу чора-тадбирлар ҳали бошланиши” эди.

Трамп ўзига қарашли Truth Social тармоғида Колумбия Президенти Густаво Петронинг депортация рейсларини қабул қилишдан бош тортиши АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид солаётганини ёзди. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио эса ўз баёнотида, Петро бу парвозларга рухсат берганини, аммо самолётлар аллақачон ҳавода бўлган пайтда бу қарорни бекор қилганини билдирди. Ўз ўрнида, Колумбия томони ҳам АҚШнинг хатти-ҳаракатларига жим қараб тургани йўқ. Улар дастлаб АҚШ товарларига 50 фоиз бож қўйиш билан таҳдид қилди. Аммо мамлакат Президенти Густаво Петро кейинчалик ўз Савдо вазирига АҚШ импортига нисбатан божларни 25 фоизга оширишни буюрганини эълон қилди. Шунингдек, Петро Трампнинг ҳақоратли депортация сиёсатига ўзига хос тарзда жавоб қайтарди. У Колумбия ватанига депортация қилинган муҳожирларни фуқаролик самолётларида кутиб олишини маълум қилди. Бундан ташқари, Петро Колумбияда қонуний иммиграция мақомига эга бўлмаган 15 660 нафар америкалик бўлса ҳам, у ҳеч қачон қўллари кишанланган америкаликларни АҚШга қайтариш учун рейд ўтказмаслигини ҳам қўшимча қилди. Петро АҚШдан шунчаки колумбиялик ноқонуний муҳожирларга жиноятчидек муносабатда бўлмасликни ва уларни фуқаролик самолётида қайтаришни талаб қилмоқда холос. Трамп эса фуқаролик самолётларида ҳам қилса бўладиган рейсларни атайин ҳарбий учоқларда амалга оширмоқда. АҚШнинг 47-Президенти ўзининг бундай қарори билан кўп эҳтимол депортация сиёсатига жиддий тус бериш, ноқонуний миграция ростдан ҳам миллий хавфсизликка таҳдид эканини кўрсатиш учун мазкур жараённи ҳарбийлаштираётган бўлиши мумкин. 

Тез ёниб ўчган олов

Колумбия ва АҚШ можароси бошланиб, Густаво Петро Трампга муносиб жавоб қайтарганидан  бир неча соатлар ўтар-ўтмас, зиддиятли вазият тўлақонли тарзда АҚШ фойдасига ҳал бўлди. 26 январнинг ўзидаёқ, кечки пайт икки ўртада “савдо уруши” бошланишга улгурмасданоқ, масала ёпилди. Оқ уй божларни оширмаслик шарти эвазига Колумбия ҳукумати Президент Дональд Трамп томонидан илгари сурилган барча шартларни, жумладан, АҚШ томонидан депортация қилинган муҳожирларни шартсиз қабул қилишни маъқуллаганини маълум қилди.

“Колумбия ҳукумати Президент Трампнинг барча шартларини, шу жумладан АҚШ томонидан ҳарбий самолётларда депортация қилинадиган барча ноқонуний мигрантларни чекловларсиз ва кечиктирмасдан қабул қилишни маъқуллади”, дейилади ҳужжатда.

Шу куни кечқурун Колумбия Ташқи ишлар вазири Луис Гилберту Мурильо ҳам бу борада баёнот бериб, “биз АҚШ ҳукумати билан тангликни енгдик” дея ҳолатни изоҳлади. Бироқ Қўшма Штатлар бу борада расмий Боготанинг шартларни бажаришини синовдан ўтказиш ниятида. Негаки, Колумбия учун тарифлар ва санкцияларни қўллайдиган буйруқлар лойиҳаси захирада сақланиши ва агарда Колумбия ушбу келишув шартларини бузса, савдо божхона тарифлари ва санкцияларни жорий этиш лойиҳаси имзоланиши қатъий уқтирилди. Шунинг учун Колумбия расмийларига қарши визавий чекловлар ва бу давлат фуқаролари ҳамда юклари учун кучайтирилган чегара назорати мамлакат депортация қилинган илк мигрантларни қабул қилишгача сақланиб қолади. Албатта, бу баҳсда Колумбия узоққа бормаслиги тайин эди. Чунки икки ўртадаги савдо алоқаларига назар ташланса, Колумбия АҚШсиз тик оёқда тура олмаслигини илғаш қийин эмас. Чунки АҚШ Колумбия учун биринчи рақамли савдо шериги ҳисобланади. Колумбия эса бу борада АҚШ учун бор-йўғи 23-ўринда холос. Бундан ташқари, Колумбия импортининг учдан бири, ЙИМнинг 4 фоизи АҚШ билан савдо-сотиқ муносабатларига алоқадор. Шундай шароитда Колумбия товарларига божларни ошириш мамлакат учун иқтисодий таназзул хавфини келтириб чиқариш эҳтимоли юқори эди.

Хуллас, шу тариқа Трамп иккинчи муддатидаги ўзининг илк “жанги”ни муваффақиятли якунлади. Аммо бу кўп эҳтимол дунё учун ўзига хос хавотирли сигнал. Негаки Трампнинг кейинги баҳслари қаторида Гренландияни мажбуран сотиб олиш ва Панама каналини шунчаки тортиб олиш кабилар турибди. Бу даъволар эса босқинчиликдан бошқа нарса эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Колумбия Дания Густаво Петро Гренландия Ноқонуний муҳожирлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг