АҚШ касаллик сабаб афғон қочқинларини қабул қилишни тўхтатди

Олам 2981
image
-

Америка Қўшма Штатлари Афғонистон қочқинларини мамлакатга қабул қилишни вақтинча тўхтатди. Бунга АҚШга келган афғонларда қизамиқ касаллиги аниқлангани сабаб бўлди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки маълум қилди.

“АҚШга рейслар Касалликларни назорат ва профилактика қилиш марказининг талабига биноан ва эҳтиёт чораси сифатида вақтинча тўхатилган, чунки яқинда Америкага келган афғонистонликлар орасида қизамиқ билан касалланишнинг тўртта ҳолати аниқланган”, деган Оқ уй вакили брифингда.

Псаки касал афғонлар карантинга олинганини ва Касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази улар билан алоқада бўлганларни кузатаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда АҚШга кираётган афғонлардан қизамиққа қарши эмланиш талаб қилиняпти.

Аввалроқ, АҚШ жорий йилнинг 17 августидан буён Афғонистондан умумий ҳисобда 60 мингга яқин одамни қабул қилиб олгани ҳақида хабар берган эдик. Эвакуация қилинганларнинг 17 фоизи – АҚШ фуқаролари ва доимий резидентлари. Қолганлари Америка армияси ва НАТО кучларига ёрдам бергани учун махсус визага эга бўлган афғонистонликлардир.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ тарихида энг узоқ – 20 йил давом этган ҳарбий операция жорий йилининг 31 август куни якунланди. Бу билан бирга Афғонистондан АҚШ ҳарбийлари ва фуқароларини эвакуация қилиш ҳам ниҳоясига етди. Аҳамиятлиси, америкаликлар мамлакатни тарк этишга улгурмасидан жорий йилнинг 15 август куни "Толибон" ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллади.

Маълумот ўринда, 2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинлари олиб чиқиб кетилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 23
Рейтинг: 3
t
×