“Толибон” даҳшати: АҚШ қанча афғонистонликка махсус виза берди?
Олам
−
09 Сентябрь 2021
11302Жорий йилнинг 17 августидан буён АҚШ Афғонистондан умумий ҳисобда 60 мингга яқин одамни қабул қилиб олди. Бу ҳақда “Associated Press” нашри мамлакат Ички хавфсизлик вазирлигига таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, эвакуация қилинганларнинг 17 фоизи – АҚШ фуқаролари ва доимий резидентлари. Қолганлари Америка армияси ва НАТО кучларига ёрдам бергани учун махсус визага эга бўлган афғонистонликлардир.
Маълум қилинишича, кўплаб саъй-ҳаракатларга қарамай, Афғонистонда бир қанча америкаликлар қолиб кетган. Расмий Вашингтон эвакуация қилиш операцияси якунланган бўлса-да, АҚШ фуқароларини Афғонистондан олиб чиқиб кетиш йўлларини топишини таъкидлаган.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 15 август куни расмий Қобул қулагач, шаҳар аэропортида оломон йиғилди. “Толибон”дан қўрқиб, мамлакатни тарк этиш илинжида бўлган миллионлаб афғонистонликлар аэропортга келган ва кетган ҳар бир самолётга жон талвасасида осилиб, тартибсизликлар келтириб чиқарди. Талотўпларда ҳалок бўлган ва жароҳат олганлар ҳам талай бўлди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ тарихида энг узоқ – 20 йил давом этган ҳарбий операция жорий йилининг 31 август куни якунланди. Бу билан бирга Афғонистондан АҚШ ҳарбийлари ва фуқароларини эвакуация қилиш ҳам ниҳоясига етди.
Маълумот ўринда, 2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинлари олиб чиқиб кетилди.
LiveБарчаси