АҚШ Фаластин хавфсизлик кучларини молиялаштиришни тўхтатди – WP
Олам
−
19 Февраль 2653 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан қабул қилинган хорижий ёрдамни музлатиш тўғрисидаги фармонга биноан, АҚШ Фаластин маъмурияти хавфсизлик кучларига молиявий кўмак беришни тўхтатди. Бу ҳақда америкалик ва фаластинлик расмийларга таяниб, “The Washington Post” хабар берди.
АҚШ Фаластин маъмурияти лойиҳаларининг асосий донорларидан бири бўлиб, ушбу лойиҳалар хавфсизлик масалалари бўйича таълим бериш ва ҳуқуқ-тартибот органлари ваколатларини кенгайтиришни ўз ичига олади. Трампнинг биринчи президентлиги даврида АҚШ Фаластин маъмуриятига бевосита молиявий ёрдамни тўхтатган эди, бироқ хавфсизлик кучларини тайёрлаш ва ислоҳ қилиш учун маблағ ажратишда давом этган.
Фаластин маъмурияти хавфсизлик кучлари Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида қонун ва тартибни сақлашга масъул. Хабарга кўра, жорий йил февраль ойида АҚШ расмийлари фаластинлик амалдорлар билан учрашиб, Женин қочқинлар лагерида ҲАМАСни йўқ қилишга Фаластин маъмуриятининг тайёрлиги масаласини муҳокама қилади.
Қайд этиш жоиз, 20 январда Трамп лавозимга киришганидан сўнг АҚШ ташқи сиёсатига дастурлар мувофиқлигини баҳолаш мақсадида бошқа давлатларга ривожланиш учун ёрдам кўрсатишни 90 кун муддатга тўхтатиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди.
Бунинг ортидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Украинага ёрдам кўрсатишга оид кўплаб лойиҳаларни тўхтатди. Музлатилган лойиҳалар орасида мактабларни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш, оналарга шошилинч ёрдам кўрсатиш ва болаларни эмлаш каби ёрдам дастурлари бўлган. Ушбу лойиҳалар 90 кунга музлатиб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Sky News Arabia” Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи Ғазо секторидаги ҳокимиятни Фаластин маъмуриятига топширишга тайёрлиги ҳақида хабар берган эди. ҲАМАС бунинг учун шарт қўймоқда. Унга кўра, янги маъмуриятда гуруҳнинг иш ўринлари сақлаб қолинади ёки ходимлар нафақага чиқарилиб, уларга кафолатланган тўловлар тақдим этилади. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса урушдан кейин “на ҲАМАС, на Фаластин маъмурияти” Ғазо секторини бошқармаслигига ваъда берди.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь