АҚШ Украинага ёрдам дастурини музлатиб қўйди
Олам
−
25 Январь
5260АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Украинага ёрдам кўрсатишга оид кўплаб лойиҳаларни тўхтатди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, музлатилган лойиҳалар орасида, мактабларни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш, оналарга шошилинч ёрдам кўрсатиш ва болаларни эмлаш каби ёрдам дастурлари бўлган. Ушбу лойиҳалар 90 кунга музлатиб қўйилган.
Хабарда айтилишича, ушбу музлатувлар Украина ва бошқа мамлакатларга ҳам тегишли, аммо Миср ва Исроил давлатлари бундан мустасно.
“Миср ва Исроилга ҳарбий ёрдам (улар ҳар йили АҚШдан мос равишда 1,3 миллиард ва 3,3 миллиард доллар олади) қолаверса, шошилинч озиқ-овқат ёрдам ажратилиши тўхтатилмайди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, USAID’нинг бу қарори АҚШ Давлат котиби Марко Рубио кўпгина хорижий ёрдам дастурларини тўхтатиб қўйишни буюрганидан кейин қабул қилинган. Унинг кўрсатмалари Украина, Тайвань ва Иорданияга ҳам тегишли. Хабарда айтилишича, Давлат департаменти 85 кун ичида ташқи ёрдам дастурлари давом этиши учун янги йўналишлар ва тавсиялар ишлаб чиқиши керак.
Маълумот учун, USAID Украина ҳукуматига тўғридан тўғри бюджет ёрдамини тақдим этади. 2022 йил 24 февралдан буён унинг миқдори 30 миллиард доллардан ошди. Шу вақт ичида USAID Киевга 2,6 миллиард доллар гуманитар ёрдам ва 5 миллиард доллар тараққиёт ёрдами кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ томонидан Украинага Россиянинг музлатилган активлари ҳисобидан биринчи 1 миллиард доллар ўтказилганди. Украина ҳукумати барча Россия давлат активларини мусодара қилиш ва уларни мамлакатни қайта тиклаш учун йўналтиришга “умид қилмоқда”.
20 январь куни эса АҚШ Президенти Дональд Трамп лавозимга киришганидан сўнг Қўшма Штатлар томонидан бошқа мамлакатларга кўрсатиладиган ёрдам дастурларини 90 кунга тўхтатиш ҳақида фармонни имзолади.
LiveБарчаси