Трамп бошқа мамлакатларга ёрдам беришни 90 кунга тўхтатди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп лавозимга киришганидан сўнг Қўшма Штатлар томонидан бошқа мамлакатларга кўрсатиладиган ёрдам дастурларини 90 кунга тўхтатиш ҳақида фармонни имзолади. Шу муддат давомида мазкур дастурлар янги маъмуриятнинг сиёсий мақсадларига мос ёки мос эмаслиги текширилади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди. 

Ҳужжатда айтилишича, ташқи ёрдам саноати ва бюрократия Америка манфаатларига мос келмайди ва кўп ҳолларда Америка қадриятларига ҳам зид. Шунингдек, маблағ ажратилиши гўёки мамлакатлар ичидаги ва давлатлар ўртасидаги уйғун ҳамда барқарор муносабатларга зид бўлган ғояларни тарғиб қилиш орқали дунёни беқарорлаштиришга хизмат қилади.

“Президентнинг ташқи сиёсатига тўлиқ мос келмаса, Қўшма Штатлардан бошқа хорижий ёрдам кўрсатилмайди”, деди Трамп.

AP’нинг қайд этишича, АҚШнинг халқаро ёрдами одатда давлат бюджети ҳажмининг 1 фоизини ташкил қилади. Айрим истисноли ҳолатлар, жумладан, Украинага қурол етказиб бериш бундан мустасно. АҚШ Давлат департаментига кўра, Россиянинг ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бери Украинага тахминан 66 миллиард доллар ёрдам ажратилган. Бошқа йирик ёрдам олувчилар қаторида Исроил (йилига 3,3 миллиард доллар), Миср (1,5 миллиард доллар) ва Иордания (1,7 миллиард доллар) бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Оқ уйдаги биринчи кунида сайловолди ваъдаларини бажарувчи 100 га яқин буйруқни, хусусан, Капитолийга бостириб кирганларни афв этиш ҳақида ҳужжат имзолагани хабар қилинганди. Таққослаш учун, собиқ президент Жо Байден лавозимга киришгач, 17 та ҳужжатни имзолаш билан чекланганди. Трамп Оқ уйдаги биринчи кунида аввалги маъмуриятнинг 80 га яқин қарорини бекор қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг