АҚШ билан олдинги муносабатлар тугади – Канада Бош вазири
Олам
−
28 Март
3130Канада ва АҚШ ўртасидаги аввалги муносабатлар даври якунланди, Канадани оғир давр кутмоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг янги Бош вазири Марк Карни кеча, 27 март куни журналистлар билан бўлган матбуот анжуманида сўз очди.
Карнининг сўзларига кўра, Канада АҚШ Президенти Дональд Трампнинг савдо уруши ва унинг автомобиль саноатига қўллаётган тарифларига қарши курашади. Бироқ у ҳозирча АҚШга нисбатан қандай жавоб чораларини кўриши ҳақида аниқ маълумот бермаган.
“Биз илгари АҚШ билан ўрнатган муносабатлар – иқтисодиётимизнинг чуқур интеграциясига асосланган ва хавфсизлик ҳамда ҳарбий соҳадаги яқин ҳамкорликка қурилган эски алоқалар – энди якунланди. АҚШ бундан кейин нима қилиши аниқ эмас. Бироқ бир нарса аён: биз, канадаликлар, ўз ҳаракатларимизда эркинмиз, бизда ихтиёр бор. Биз ўз уйимизнинг хўжайинимиз”, деди Карни.
У, шунингдек, Канада ўз иқтисодиётини тубдан қайта кўриб чиқиши, АҚШга қарамликни камайтириши ва халқаро савдо муносабатларини ўзгартириши кераклигини таъкидлаган.
Қайд этиш жоиз, 1 февраль куни АҚШ Канада, Хитой ва Мексика товарларига божхона йиғимлари жорий этилиши ҳақида эълон қилган эди. Канада ва Мексика товарларига 25 фоиз, Хитой товарларига эса 10 фоиз божхона йиғимлари жорий этилиши маълум қилинганди.
Бунга жавобан Канада ва Мексика қарши божхона йиғимлари киритилиши ва энергия ресурслари ҳамда муҳим материаллар билан боғлиқ чораларнинг қўлланилиши ҳақида эълон қилди. Хитой ҳам АҚШга қарши Жаҳон савдо ташкилотига мурожаат қилишга ваъда берди.
Кейинчалик Мексика ва Канада Трамп билан бир ойга, 3 мартга қадар божхона йиғимларини кечиктириш бўйича келишиб олишгани маълум бўлди.
Март ойида эса тарифлар кучга кирди. Бу сафар АҚШ Хитой товарларига 10 фоиз эмас, 20 фоизлик бож йиғими жорий қилди. Хитой эса Дональд Трампнинг бож тарифлари сиёсатига жавобан 10 мартдан бошлаб Америка қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига қўшимча 10-15 фоиз бож жорий қилади. Қўшимча 15 фоиз бож товуқ гўшти, буғдой, маккажўхори ва пахта маҳсулотларига татбиқ этилади. Сорго, соя дуккаги, чўчқа ва мол гўшти, балиқ маҳсулотлари, мева, сабзавот ҳамда сут маҳсулотларига эса 10 фоизлик бож жорий қилинади. Канада ҳам 155 миллиард Канада доллари миқдоридаги Америка товарларига 25 фоизлик бож жорий қилди. Аммо 7 март куни Дональд Трамп Канада ва Мексика товарларига нисбатан божхона йиғимларини деярли бир ойга кечиктириш тўғрисида қарор имзолади. Ушбу қарор фақат АҚШга Канада ва Мексикадан келадиган USMCA эркин савдо келишуви доирасига кирувчи товарларга тааллуқли бўлди ва уларга нисбатан божхона йиғимлари 2 апрелдан кучга кириши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, январь ойи бошида Жастин Трюдо ҳукмрон Либерал партия раиси лавозимини тарк этишини, аммо Бош вазирликдан партиянинг янги раҳбари сайлангандан кейин истеъфога чиқишини маълум қилган эди. Шунингдек, Трюдо Канада генерал-губернатори Мери Саймондан парламент фаолиятини 24 мартгача тўхтатишни сўраган. Кейинроқ эса Канаданинг собиқ Марказий банки раҳбари Марк Карни Либерал партиянинг янги етакчиси этиб сайланди ва 14 март куни қасамёд қилиб, ўз лавозимига киришди.
LiveБарчаси