АҚШ Афғонистонда мингга яқин аскарини қолдирмоқчи. Муддао нима?

Олам

image

Расмий Вашингтон катта эҳтимол билан Афғонистондаги мингга яқин ҳарбийларини АҚШ элчихонаси ва Кобулдаги аэропортни қўриқлаш учун қолдиради. Бу ҳақда кеча, 29 июнь куни CNN телеканалида маълум қилинди.

Телеканал манбасининг хабар беришича, Қўшма Штатлар Афғонистондаги қўшинларини бир неча кун ичида олиб чиқиб кетиши кутилмоқда. Қўшинлар олиб чиқилганидан сўнг, АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси ва ушбу шаҳар аэропортининг хавфсизлигини таъминлашга ёрдам бериш учун мингга яқин ҳарбий хизматчи мамлакатда қолиши мумкин. 

Қайд этилишича, Афғонистонда НАТОнинг қанча аскари қолиши ҳали аниқ эмас. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Вашингтон Афғонистонда дипломатларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун 650 га яқин АҚШ ҳарбийларини қолдириши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалганди. Бундан ташқари, бир неча юз нафар АҚШ ҳарбий хизматчиси сентябрь ойигача Кобул аэропортида бўлиб, турк кучларига хавфсизликни сақлашга ёрдам бериши маълум бўлганди. Бу вақтинчалик жараён бўлиб, Туркия расмий тарзда аэропорт хавфсизлиги учун жавобгарликни бўйнига олганига қадар давом этади. 

Маълумот ўрнида, Қўшма Штатлар Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларга 2001 йил октябрда қўшилган. Бу Америка тарихида энг узоқ давом этган хорижий ҳарбий жараёндир. 2010–2013 йиллар — АҚШ операциялари авжига чиққан пайтда Афғонистондаги Ғарб кучлари сони 150 мингдан ошди. АҚШ ва НАТОнинг асосий жанговар бўлинмалари 2014 йилда Афғонистондан чиқарилди.

 АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши

Жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ НАТО Кобул Вашингтон Байден

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг