АҚШ қўшинларининг бир қисмини Афғонистонда қолдиради — ОАВ
Олам
−
25 Июнь 2021
9435Расмий Вашингтон Афғонистондаги қўшинларининг асосий қисми олиб чиқиб кетилгандан сўнг, тахминан 650 нафар аскарини қолдиради. Бу ҳақда кеча, 24 июнь куни “The Associated Press” нашри расмий манбасига асосланиб хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ армиясининг асосий қисми олиб чиқиб кетилгандан сўнг, дипломатларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун тахминан 650 нафар АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда қолиши кутилмоқда. Бундан ташқари, бир неча юзлаб АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортида Туркия кучларига хавфсизликни сақлашда ёрдам бериш учун эҳтимол сентябргача қолади. Агентлик маълумотларига кўра, бу Туркия расмий равишда Кобул аэропортида хавфсизликни таъминлаш операциясини ўтказмагунга қадар вақтинчалик чора бўлади.
Манбага кўра, АҚШ ва халқаро кучларнинг асосий қисми Афғонистонни жорий йилнинг 4 июлига қадар ёки ундан кўп ўтмай тар этади.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва АҚШ Президенти Жо Байден Брюсселда ўтан илк икки томонлама учрашувда Aфғонистондан НAТО кучлари чиқарилгандан кейин расмий Анқара Ҳамид Карзай номидаги Кобул халқаро аэропорти хавфсизлигини таъминлашда етакчи роль ўйнаши борасида келишиб олганди.
Фаоллашиб қолган “Толибон”
Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.
Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган.
Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси