АҚШ ҳусийлар учирган дронни уриб туширди
Олам
−
14 Декабрь 2023
4068АҚШ Марказий қўмондонлигининг (CENTCOM) USS Mason эсминеци Қизил денгизда Ямандаги ҳусийлар назорати остидаги ҳудуддан учирилган дронни уриб туширди. Бу ҳақда CENTCOM маълум қилди.
ABC News’нинг номи ошкор этилмаган АҚШ расмийларига таяниб хабар беришича, кеча, 13 декабрь куни эрталаб Қизил денгизда Яман ҳусийлариники деб тахмин қилинаётган моторли кемалар Маршалл ороллари байроғи остида сузаётган “Ardmore Encounter” тижорий танкерига яқинлашган. Кемага иккита ракета ҳам отилган, бироқ улар мўлжалда адашган.
Шундан сўнг, АҚШнинг USS Mason эсминеци “Ardmore Encounter” танкерининг фавқулодда чақирувига жавоб берган. Яман ҳудудидан иккита ракета ва бир дрон учирилган.
"USS Mason эсминеци ҳусийлар назорати остидаги ҳудуддан учирилган дронни уриб туширди", дейилади CENTCOM’нинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинган ҳисоботида.
CENTCOM’нинг маълум қилишича, дрон тўғридан-тўғри USS Mason кемаси томон йўналтирилган ва эстимец ўзини ҳимоя қилиш учун учувчисиз самолётни уриб туширган. Ходимлар жабрланмаган ва кемаларга зарар етмаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Яман ҳусийлари Қизил денгизда Исроил юк кемасини қўлга олиб, Яман қирғоқларига тортиб олиб кетган. Исроил мудофаа кучлари мусодарани "глобал миқёсдаги ҳодиса" деб атаган. Кейинчалик Яман қирғоқларида Исроилнинг Zodiac Maritime компаниясига тегишли бўлган “Central Park” танкери қўлга олинганди. АҚШнинг USS Mason эсминеци номаълум шахслар томонидан ҳужумга учраган "Central Park" кемасининг фавқулодда чақирувига жавоб қайтарган. Шундан сўнг Ямандан USS Mason эсминеци томон икки баллистик ракета учирилди. Декабрь ойида ҳусийлар Исроилнинг Unity Explorer ва Number Nine номли иккита кемасига ҳужум қилган. Илгари ҳусийлар фақат Исроил билан боғлиқ кемаларга таҳдидларни эълон қилган. Бироқ, 12 декабрда улар Норвегиянинг “Strinda” савдо кемасига ҳужум қилган.