Аграр университетидаги ёнғиндан кейинги қолдиқлар (фоторепортаж)
Жамият
−
21 Ноябрь
6475Хабарингиз бор, жорий йилнинг 30 сентябрь куни оқшомда Тошкент давлат аграр университети ҳудудида содир бўлган ёнғин оқибатида Агрологистика ва бизнес факультетининг 9 қаватли биноси батамом ёниб кетган ва Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги жиддий зарар кўрган эди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган маълумотга кўра, ёнғин 2400 квадрат метр майдонга тарқалиб, амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 1000 квадрат метр майдон сақлаб қолинган. Содир бўлган ёнғинни бартараф этиш ишларига жами 27 та техника ва 200 га яқин шахсий таркиб жалб қилинган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.
Орадан икки ой ўтар ўтмас QALAMPIR.UZ ёнғин содир бўлган ҳудудга яна бориб, атрофда амалга оширилаётган жараёнларни камера объективига муҳрлади.
Университет матбуот хизмати раҳбари Зарнигор Содиқованинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, таълим даргоҳининг талафот кўрган 9 қаватли биноси айни дамда буткул бузиб ташланган ва унинг ўрнида 9 қаватли бино ҳажмида 1200 ўринли 5 қаватдан иборат ўқув биноси қурилади.
“Сиғими 9 қаватли бино ҳажми билан бир хил бўлган янги 5 қаватли ўқув биноси қурилмоқда. Унинг ҳажми 1200 нафар талаба учун мўлжалланган”, дейди расмий.
Шунингдек, Ўрмон хўжалиги агентлиги биноси Аграр университети тасарруфига ўтказилиб, у ерда ўқув биноси ташкил қилинади. Айни дамда реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.
Университет ходимининг қўшимча қилишича, 70 фоиз талафот кўрган яна бир ўқув биносида ҳам қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳукумат тарафидан бир қанча дастур лойиҳалари тақдим этилган.
Зарнигор Содиқова фалокат оқибатида университет моддий жиҳатдан қанча зарар кўргани ва уни қайта қуриш учун бюджетдан неча пул ажратилгани ҳақида маълумоти йўқлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган эди.