“Сельхоз” аланга ичида қолди
Жамият
−
01 Октябрь
7586Ўзбекистон тарихидаги фуқаролик объектлари билан содир бўлган энг катта ёнғинлардан бири Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети ҳудудидаги бинода юз берди. QALAMPIR.UZ жамоаси воқеа жойида бўлди.
Кеча, 30 сентябрь куни соат 20:10 да университет ҳудудидаги бинода ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган. Шунга кўра, ёнғин-қутқарув экипажлари 7 дақиқа ичида ҳодиса жойига етиб борган.
Ёнғинни тўлиқ қамраб олишга бир соатдан кўпроқ вақт кетди ва у соат 21:36 ўраб олинган.
Алангани ўчириш ишлари давом этар экан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги университет биноларидан бирида содир бўлган деб таъкидланаётган ёнғин олийгоҳнинг бир қисмида жойлашган Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги биносининг том қисмида содир бўлганини маълум қилди. Аммо кўп ўтмай вазирлик эълон қилган баёнотини ўчириб юборди. Университетдаги ёнғин соат 22:10 да батамом ўчирилди.
Ўрмон хўжалиги агентлиги эса вазирлик берган баёнотни рад этиб чиқди ва ёнғин агентликдан чиқмаганини таъкидлади.
“Ўрмон хўжалиги агентлиги биноси ёниб кетди, дея айрим ижтимоий тармоқларда берилаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Тўғри, сув пуркалиши эвазига бинонинг том қисмига қисман зарар етган, лекин бу ҳам айтарли даражада эмас”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, агентлик биноси катта талафот кўрмаган. Ёнғин чиққан университет биноларига эса бирмунча зиён етказилган. Айни пайтда мутахассислар гуруҳи воқеа жойида иш олиб бормоқда. Тез орада ёнғин келиб чиқиш сабаблари, ёнғин асли қаердан бошлангани, етказилган зиён, асл ҳолат ҳақида батафсил маълумот берилади.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.
Ёнғин содир бўлган ҳудуддан қайтар эканмиз, воқеага бевосита гувоҳ бўлган шахснинг исмини очиқлашни хоҳламаган ҳолда офат сабаблари тўғрисида берган маълумоти бизни ўйлантириб қўйди. Унинг фикрича, фожиа уюштирилган бўлиши мумкин.
“Лабораторияга қандайдир текширув келган. Барча ўқитувчиларнинг савиясини текширадими, камомадни текширадими, шу йўл билан ниманидир ёпишяптими, билмадим. Домлалар ўз манфаати йўлида бундай иш қилиши жуда нотўғри иш, деб ўйлаймиз”, дейди QALAMPIR.UZ суҳбатдоши.
LiveБарчаси