Африкада яна давлат тўнтариши уюштирилгани айтилмоқда
Олам
−
18 Сентябрь 2023
7311Конго Президенти Денис Сассу Нгессонинг Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясига кетиши фонида мамлакатда ҳарбий тўнтариш содир бўлди. Бу ҳақда кеча, 17 сентябрь куни “The Yoruba Times” газетаси хабар берди.
“Конго Республикасида ҳарбий тўнтариш содир бўляпти. Ҳарбийлар пойтахтдаги муҳим объектларни эгаллаб олмоқда”, деб ёзилган нашрнинг Х ижтимоий тармоғидаги (собиқ Twitter) саҳифасида.
Бироқ орадан кўп ўтмай Конго ҳукумати вакили Тьери Мунгалла давлат тўнтариши ҳақидаги хабарларни рад этди.
“Браззавилда рўй бераётган жиддий воқеалар ҳақида ақл бовар қилмайдиган маълумотлар пайдо бўлди. Ҳукумат бу хабарни рад этади. Биз жамоатчиликни тинчлик ҳукм сураётганига ишонтириб айтамиз ва аҳолини осойишталикка чақирамиз”, деб ёзган у Facebook'даги саҳифасида.
Маълумот учун, 79 ёшли Сассу Нгессо 1997 йилдан бери Президент сифатида Конгони бошқариб келади. Ўша йили фуқаролар уруши натижада Сассу Нгессо президентлик лавозимини эгаллаган. Ангола ҳукумати унинг ҳокимиятга келишига ёрдам берган. У аввал 1979 йилдан 1992 йилгача ҳам ҳокимият тепасида бўлган. Ўшанда сайлов натижалари туфайли унинг ҳокимяти тугаган – Сассу Нгессо биринчи турда атиги 17 фоиз овоз олган.
Эслатиб ўтамиз, шу йил ёзда Африканинг иккита давлатида тўнтаришлар содир бўлганди. Биринчиси июль ойи охирида Нигерда бўлиб, унга президент гвардияси қўмондони Абдураҳмон Чиани бошчилик қилганди. Нигер Президенти Муҳаммад Базум лавозимидан четлатилгач, Ғарбий Африка Давлатлари Иқтисодий Ҳамжамияти (ECOWAS, Африка минтақасининг 15 мамлакатини ўз ичига олади) август ойида исёнчилар ҳукуматига ҳарбий аралашув билан таҳдид қилганди. Мали ва Буркина-Фасо Нигердаги исёнчиларни қўллаб-қувватлаган ва босқин содир бўлган тақдирда мамлакатнинг янги раҳбариятига ҳарбий ёрдам кўрсатишга ваъда берган. Кейинги тўнтариш эса 30 август куни Габонда содир бўлганди. Ҳарбийлар мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олди. Бунга 64 ёшли президент Али Бонго Ондимбанинг яна (учинчи) муддатга қайта сайлангани сабаб бўлди. Унинг оиласи 60 йилдан бери ҳокимиятда, Али Бонго Ондимбанинг ўзи эса 14 йил давомида мамлакатни бошқарган. Тўнтариш Бонгонинг сайловдаги ғалабаси эълон қилинганидан кейин телевидение орқали эълон қилинди. Исёнкор ҳарбийлар овоз бериш натижалари бекор қилинганини эълон қилди.
2017 йилда Зимбабведа, 2021 йилда Чад, Гвинея ва Суданда, 2020 ва 2022 йилларда Мали ва Буркина-Фасода ҳукумат ағдарилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь