Нигерда давлат тўнтаришига уриниш. Воқеалар ривожи қандай давом этмоқда?

Олам

image

Нигер президент гвардияси ҳарбийлари 27 июль куни Президент Муҳаммад Базум лавозимидан четлатилгани, чегаралар ёпилгани ва комендантлик соати жорий этилгани ҳақида эълон қилди. Президент Базумнинг ўзи эса ҳукумат аъзолари каби истеъфога чиққанини тасдиқламади. Африка давлатидаги вазият бутун дунё эътиборини тортмоқда.

Ҳаммаси қандай бошланди?

Нигер президент гвардиясининг бир гуруҳ аскарлари кеча, 26 июль куни эрталаб Ниамейдаги давлат раҳбари идораси жойлашган бинони тўсиб қўйди. Амалиёт давомида яқин атрофдаги кўчаларда ҳарбий техника бўлмаган, бинони тўсишда автомобиллар ишлатилган.

Президент гвардиясига генерал Умар Чиани бошчилик қилган. Айтилишича, сўнгги кунларда Президент генерални ишдан бўшатиш имкониятини кўриб чиқаётган бўлган. Исёнга давлат тўнтариши ўтказиш нияти эмас, балки Чиани бошчилигидаги президент гвардияси билан боғлиқ муаммо сабаб бўлган.
Исёнчилар Нигер давлат радио ва телевидениеси биносини эгаллаган ҳамда мамлакат Ички ишлар вазири Амада Адама Сулейни ҳам ҳибсга олган.
Нигер қуролли кучлари ва Миллий гвардия президент гвардияси гуруҳини қўллаб-қувватламади. Нигер махсус кучлари ҳам Президент томонида қолди. Улар миллий телевидение ва радио бинолари атрофидаги позицияларни эгаллади.

Кеча, 26 июль куни кечқурун президент саройи яқинида кучли отишма содир бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Президент гвардияси аскарлари Базумни зудлик билан озод қилишни талаб қилган намойишчиларга қарата ўт очган. Қурбонлар ҳақида маълумотлар йўқ.

Президентга нима бўлди?

Исёнчилар Президент Муҳаммад Базумни оиласи билан президент саройида ҳибсга олди. Давлат раҳбарига яқин манбалар унинг "хавфсиз ва соғлом" экани, шунингдек, исёнчилар билан музокара олиб бораётганини маълум қилди. Исёнчиларнинг босимига қарамай, Базум ўз истеъфосини имзолашдан бош тортди.

Кейинроқ Базум ижтимоий тармоқдаги саҳифасида пост қолдирди. 

“Қийинчилик билан эришилган ютуқлар ҳимоя қилинади. Демократия ва эркинликни севадиган барча нигерликлар буни кўради”, деган Президент.

Воқеалар қандай ривожланди?

Бугун, 27 июль куни исёнчилар Президент ағдарилгани ва Нигерда 19:00 дан 05:00 гача (Тошкент вақти билан 23:00 дан 09:00 гача) умуммиллий комендантлик соати жорий этилгани ҳамда мамлакатдаги барча муассасалар фаолияти тўхтатилганини эълон қилди. 

Шунингдек, президент гвардияси аскарлари “ағдарилган” ҳукумат вакилларига жисмоний дахлсизликни кафолатлади.

Бошқа тарафдан, Нигер Ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазири Асуми Масуду ҳукумат раҳбари вазифасини бажарувчи сифатида мамлакат халқини исёнкор ҳарбийларга қаршилик кўрсатишга чақирди.

Дунё қандай муносабатда бўлди?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш телефон орқали Муҳаммад Базум билан музокара ўтказди ва уни қўллаб-қувватлашини билдирди. У ҳокимиятни куч билан қўлга киритиш ва Нигерда демократик бошқарув, тинчлик ва барқарорликка путур етказиш бўйича ҳар қандай уринишни қоралади ҳамда зўравонликдан тийилишга ва қонун устуворлигини ҳурмат қилишга чақирди.

Ғарбий Африка мамлакатлари иқтисодий ҳамжамияти (ECOWAS) Нигердаги воқеаларни ҳокимиятни куч билан эгаллашга уриниш деб атади ва “республиканинг демократик йўл билан сайланган президентини зудлик билан ва сўзсиз озод этишни” талаб қилди. Ташкилот баёнотига Европа Иттифоқи ҳам қўшилди.

Нигер билан чегарадош бўлган Нигериянинг Президенти Бола Тинубу ECOWAS’нинг амалдаги раиси сифатида қўшни давлатнинг қонуний ҳукуматини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шунингдек, Бенин Президенти Патрис Талон вазиятни баҳолаш учун ECOWAS номидан Нигерга борди.

Ўз навбатида, Африка Иттифоқи Нигер аҳолиси ва бутун дунё халқларини "тўнтариш ташаббусини бир овоздан қоралашга ҳамда қонунни бузган аскарларни зудлик билан казармаларга қайтаришга" чақирди.

Америка Қўшма Штатлари ҳам исёнчилардан зўравонликни тўхтатишни талаб қилган. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтоннинг Ниамей билан алоқалари Африка давлатининг демократик бошқарувига боғлиқ бўлишини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

давлат тўнтариши Нигер Муҳаммад Базум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг