Африка Иттифоқи G20 нинг доимий аъзосига айланди (видео)
Олам
−
09 Сентябрь 2023
3729Африка Иттифоқи Нью-Деҳли саммитида G20 нинг доимий аъзосига айланди. Бу билан уни G20 га киритиш ташаббускори бўлган Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди биринчи бўлиб табриклади. Саммит жараёнлари ANI News агентлигида тўғридан тўғри трансляция қилинди.
“Ҳиндистон Африка Иттифоқини G20 нинг доимий аъзосига айлантиришни таклиф қилмоқда ва ишончим комилки, барча аъзолар бу таклифга рози бўлишади. Барчанинг қўллаб-қувватлаши билан Африка Иттифоқини G20 га қўшилишга таклиф қиламан”, деган Моди.
Унинг сўзларидан сўнг Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманиан Жайшанкар Комор ороллари Президенти (Африка Иттифоқига раислик қилади) Азали Ассуманийнинг олдига бориб, уни G20 аъзолари ўтирган столга кузатиб, унинг олдида Африка Иттифоқининг белгиси ва байроғини қўйди.
Кейинроқ Ҳиндистон ТИВ вакили Ариндам Багчи ўзининг X (собиқ Twitter) саҳифасида Африка Иттифоқи расман G20 аъзосига айланганини тасдиқлади.
Маълумот учун, Африка Иттифоқи қитъанинг 55 та давлатини бирлаштирган ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, у олдинги Африка Бирлиги Ташкилотининг вориси ҳисобланади. Жорий йилнинг июнь ойида Моди G20 етакчиларига хат ёзиб, Африка Иттифоқига гуруҳнинг тўлиқ аъзолигини беришни таклиф қилганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хитой етакчиси Си Цзиньпин ва Россия Президенти Владимир Путиннинг G20 саммитида қатнашмаслиги фонида АҚШ раҳбари Жо Байден уларни қўллаб-қувватловчи давлатларни ўзига оғдиришга уриниши айтилганди.
LiveБарчаси