Африка FIFA’нинг янги лойиҳасига қизиқиш билдирди

Спорт

image

Африка Европа ва Осиё томонидан танқид қилинган FIFA лойиҳасини кўриб чиқишга тайёр – Африка футбол конфедерацияси (CAF) ассоциацияларни уни ўрганишга чақирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

“Маслаҳатлашув жараёни доирасида CAF президенти Патрис Мотсепе келаси ҳафта Ижроия қўмитаси йиғилишини ўтказади. Унда бошқа масалалар қаторида таклиф этилган FIFA Forward Enterprise ташаббуси ҳам баҳоланади. Шунингдек, CAF аъзо ассоциацияларни ушбу таклифни ўрганишга ҳамда CAF ва FIFA қоидалари, шунингдек белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ маслаҳатлашув жараёнида фаол иштирок этишга чақиради”, дейилади ташкилот баёнотида.

CAF таъкидлашича, ташкилот Африкада ва бутун дунёда футболнинг ривожланиши учун молиявий ҳамда бошқа ресурсларни кўпайтириш мақсадида аъзо ассоциациялар, FIFA, бошқа футбол конфедерациялари ва манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашув ва ҳамкорликни давом эттиради.

FIFA Forward Enterprise дастури доирасида FIFA’га аъзо 211 та миллий ассоциациянинг ҳар бири 2027 йилдан бошлаб FIFA Forward ва FIFA Fast-Forward дастурлари орқали тўрт йиллик цикл давомида 40 миллион долларгача маблағ олиши мумкин. 12 йиллик давр мобайнида эса умумий молиялаштириш ҳажми тахминан 86 миллион долларгача етиши мумкин.

Аввалроқ, FIFA президенти Жанни Инфантино миллий федерацияларга қўшимча субсидиялар эвазига FIFA Forward Enterprise номли янги тижорат ташкилотини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашни таклиф қилган эди. Лойиҳа доирасида FIFA Жаҳон чемпионати каби мусобақаларнинг медиа ва тижорат ҳуқуқларини бошқарадиган янги компаниянинг тахминан 20 фоиз улушини сотиш орқали инвесторлардан 4,2 миллиард долларгача маблағ жалб қилишни режалаштирмоқда.

Бироқ ушбу ташаббус Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFA), Шимолий, Марказий Америка ва Кариб денгизи давлатлари футбол конфедерацияси (CONCACAF) ҳамда Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) томонидан танқид қилинди.

Маълумотларга кўра, америкалик тадбиркор Жошуа Кушнернинг Thrive Eternal жамғармаси лойиҳанинг эҳтимолий инвесторларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг