“Адолатсизлик”, “шармандалик” дейишдан олдин ўйлаш керак – Ғиёсов ижтимоий тармоқ фаолларига мурожаат қилди
Жамият
−
07 Октябрь 2021
16452Жорий йилда Ўзбекистонда ўлим билан якунланган 1 682 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов хабар берди ва тизим ходимларини танқид қилаётган тармоқ фойдаланувчиларига мурожаат қилди.
Вазирлик вакили ўлим билан якунланган ЙТҲларда олинган суратларни илова қилиб, уларнинг бари тезликни ошириш оқибатида юз берганини қўшимча қилган.
“Айрим ижтимоий тармоқ фаолларидан, бу мавзуда фикрларини ёзишда “адолатсизлик”, “шармандалик” каби терминларни ишлатишдан олдин, яхшилаб ўйлаб кўришларини сўраймиз”, дейди Ғиёсов.
Унинг таъкидланишча, бугунги кунга қадар республикада 6 551 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, улардан 1 682 таси ўлим билан тугаган. Жароҳат олганлар сони эса 5 920 тани ташкил этади. Йўл транспорт ҳодисаларининг деярли 40 фоизи тезликни меъёридан ошириш натижасидир.
“Яқин кунларда йўл транспорт ҳодисаси оқибатида юз берган журналистнинг ўлими ҳам бизлар учун дарс бўлиши лозим. Сўз эркинлигини – сўз ўйинларига айлантирманг”, дейди ИИВ масъули.
Қайд этиш керакки, яқин кунларда ўлим билан, хусусан, болалар ўлими билан якунланган қатор йўл-транспорт ҳодисалари юз берди. Жумладан, Сурхондарё ва Наманганда 5-6 ёшли қизлар, Намангандаги бошқа бир автоҳалокатда 75 ёшли фуқаро ҳалок бўлди. Шунингдек, Тошкентда ҳам Damas ҳайдовчиси 4 нафар мактаб ўқувчисини уриб кетганди. ЙТҲ оқибатида болалардан бири вафот этган.
LiveБарчаси