Абдулазиз Комилов Жак Ширакнинг дафн маросимида иштирок этади

Жамият 2607
image

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация 2019 йил 30 сентябрь куни Франция Республикасининг собиқ Президенти Жак Ширакнинг дафн маросимида иштирок этади. 

Эслатиб ўтамиз, Жак Ширак 26 сентябрь куни 86 ёшида вафот этди.

Жак Ширак 1932 йилнинг 29 ноябрида Парижда туғилган. Карно ва Людовик Буюк лицейида у рус тилини ўрганган, ўсмир ёшида Пушкиннинг “Евгений Онегин” поэмасини француз тилига ўгирган.

У 1995—2007 йилларда, икки муддат Франция президенти бўлган. Бунгача икки марта — 1974—1976 ва 1986—1988 йилларда мамлакат бош вазири бўлган. Иккинчи бош вазирлик муддатини Париж мэри лавозими билан бирга ўтказган. Жак Ширак Франция пойтахтини 18 йил давомида бошқарган.

У Иккинчи Жаҳон урушида яҳудийларнинг депортация қилинишига Франциянинг дахлдорлигини биринчи бўлиб тан олгани, шунингдек, АҚШнинг Ироққа бостириб киришини қўллаб-қувватлашдан бош тортгани билан танилганди. Шунингдек, Ширак даврида Франция Президентининг ваколат муддати етти йилдан беш йилга камайтирилган.

Ширак 2005 йилда инсультни бошдан кечирган, сўнгги йилларда унинг соғлиги ёмонлашиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалаётганди.

Жак Ширак Ўзбекистон—Франция муносабатларининг мустаҳкамланишига ҳам катта ҳисса қўшганини алоҳида қайд этиш лозим. 1996 йил 24 апрель куни Парижда ЮНEСКО томонидан ташкил қилинган Амир Темурнинг 660 йиллигига бағишланган кўргазмада шахсан Жак Ширакнинг ўзи иштирок этган. Айни шу йиғинда Амир Темурнинг 1402 йилда Франция қироли Шарл VI номига йўллаган мактубини Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовга совға қилган эди.

Акбаржон Абдураимов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 51
Рейтинг: 3.1
t
×