Аҳоли учун электр энергияси нархи ошириладими?
Жамият
−
11 Сентябрь 2023
13798Аҳоли учун электр энергияси тарифларини ошириш ҳамда табақалаштирилган тарифларни жорий қилиш бўйича таклифлар киритиш 2024 йилнинг май ойига режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан ўтказилаётган матбуот анжуманида қатнашаётган QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
“Аҳоли учун электр энергияси тарифларини ошириш ҳамда табақалаштирилган тарифларни жорий қилиш бўйича таклифлар киритиш 2024 йилнинг май ойига режалаштирилмоқда. Бунинг учун асосий шарт - давлат истеъмолчиларни электр энергияси билан барқарор таъминлай олиши керак. Шундагина лойиҳа киритилади. Нарх мўлжали 450-500 сўм”, дейди Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Унга кўра, ҳозир эълон қилинган лойиҳада фақат юридик шахслар учун янги тарифлар белгиланиши назарда тутилган, лекин аҳоли учун нархлар ўзгартирилмаяпти.
“Аҳоли учун табақалаштирилган тарифларни белгилашдан олдин биз энг аввало узлуксиз электр энергияси етказиб беришни таъминлашимиз керак. Яъни нарх ошсаю, лекин яна электрда узилиш бўлаверса, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлади. Шу сабабли биз ҳозирда генерацияларни ошириш, тармоқларни модернизация қилиш ишларини жадаллаштиряпмиз", деди Мирзамаҳмудов.
Вазирнинг айтишича, узлуксиз электр етказиб бериш таъминлай олингандагина, аҳоли учун электр энергиясида табақалаштирилган тарифларни 2024 йилнинг 1 майидан жорий қилиш бўйича лойиҳани Ҳукуматга киритиш режалаштирилган. Лекин бу айнан шу кундан нарх ошишини англатмайди.
Табақалаштирилган тариф деганда белгиланган “ижтимоий норма”дан кўп электр истеъмол қилаётган, айтайлик уйида бассейни, саунаси, кўплаб маиший техникалари бор хонадонлар, яъни нисбий олганда бой ва ўзига тўқ хонадонлар учун нарх ошади, дегани. Ҳозир 85% аҳоли бир ойда 300 kW соатгача электр истеъмол қиляпти. Лекин қолган 15% аҳоли ишлатаётган электр энергияси ҳажми мана шу 85% аҳолиникидан кўпроқ”, деди Энергетика вазири.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистонда энергетикадаги муаммоларнинг олдини олиш мақсадида 1 октябрдан бошлаб юридик шахслар учун электр ва газ нархини эркинлаштириш режалаштирилаётгани айтилганди. Бу бўйича ҳукуматнинг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинганди.
Акобир Сайидов