9 йилдан бери ўрнини бўшатмаётган Столтенберг яна “тахт”ида қолди
Олам
−
05 Июль 2023
4588НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергнинг ваколат муддати яна бир йилга – 2024 йилнинг октябригача узайтирилди. Бу ҳақда Столтенбергнинг ўзи Twitter саҳифасида маълум қилди.
“НАТО иттифоқчилари менинг Бош котиб сифатидаги ваколатларимни 2024 йил 1 октябргача узайтиришга қарор қилганидан фахрланаман. Европа ва Шимолий Америка ўртасидаги трансатлантик алоқа деярли 75 йил давомида бизнинг эркинлигимиз ва хавфсизлигимизни таъминлаб келмоқда ва хавфлироқ дунёда иттифоқимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ”, деб ёзган Столтенберг.
Столтенбергнинг альянс раҳбари сифатидаги эҳтимолий меросхўрлари деб Дания Бош вазири Метте Фредериксен, Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллес, Испания Бош вазири Педро Санчес кўрилаётган эди. Аммо НАТОга аъзо 31 давлат орасида қўллаб-қувватланмади.
Норвегиянинг собиқ бош вазири бўлган 64 ёшли Столтенберг 2014 йилдан бери НАТО Бош котиби лавозимида ишлаб келмоқда. Унинг муддати аллақачон икки марта узайтирилган. 2022 йилда ваколат муддати тугаган эди, бироқ Украина инқирози туфайли у 2023 йил сентябрь ойи охиригача ўз лавозимини сақлаб қолганди.
НАТО Бош котибига расмий сайловлар ўтказилмаган, альянс уни ўзига аъзо барча мамлакатларнинг консенсуслари асосида тайинлайди.