83 ёшли онахон коронавирусни енгиб ўтди. Соғайганлар 200 га яқинлашди
Жамият
−
18 Апрель 2020
6751Бугун, 18 апрель куни Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 6 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар берди.
Соғайганлардан бири чироқчилик 83 ёшли онахон бўлиб, унинг аҳволи оғир бўлишига қарамай билимли ва юқори малакали шифокорларнинг саъй-ҳаракати ҳамда халқаро стандартлар асосида олиб борилган самарали даволаш муолажалари туфайли буткул соғайди.
Шунингдек, тузалган яна тўрт нафар Тошкент шаҳридан бўлиб, (50, 31 ва 30 ёшли эркак ҳамда 57 ёшли аёл) улардан бир нафари Россиядан чартер рейс билан пойтахтимизга келган, қолган уч нафари эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Яна бир нафар фарғоналик, 35 ёшли бемор ҳам хориждан келган.
Сўнгги текширув натижалари ушбу беморларда инфекция йўқлигини кўрсатди. Мазкур клиникада шу пайтга қадар 11 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 17 нафарга етди.
Айни пайтда клиникада коронавирус инфекциясига чалинган беморларга тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стантдартлар асосида муолажалар олиб борилмоқда. Бунда малакали пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби мутахассислар билан телемулоқот ўрнатилиб, зарур тавсияларни олинаётгани ҳам қўл келмоқда.
Бундан ташқари, Бухоро вилояти юқумли касалликлари шифохонасидан яна 3 нафар бемор (эркак) соғайганлиги ҳақидаги хушхабар келган.
Шундай қилиб, айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар бугун, аввалги кунларга нисбатан энг юқори кўрсаткични қайд этган ҳолда, 38 нафарга етиб, жами 194 нафарни ташкил этмоқда.
Аввалроқ, Бухоро, Хоразм, Фарғона, Андижон, Наманган, Қорақалпоғистон ва Тошкентда коронавирусдан даволанаётган жами 29 киши буткул соғайгани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирус юқтирган беморлар сони 1450 нафарга етди. Бугунгача уларнинг 4 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь