Коронавирусдан бутунлай қутулганлар 14 нафарга кўпайди
Жамият
−
18 Апрель 2020
5976Аввалроқ, Бухоро, Хоразм, Фарғона, Андижон, Наманган ва Қорақалпоғистонда коронавирусдан даволанаётган жами 15 киши буткул соғайгани ҳақида хабар берган эдик. Кўп ўтмай эса тошкентдан ҳам хушхабар келди.
Бугун, 18 апрель куни Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 14 нафари буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазири масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.
Соғайган беморларнинг 10 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улардан 8 нафари пойтахтимиздан, 2 нафари Тошкент вилоятидан ва 1 нафардан Қорақалпоғистон Республикаси, Самарканд, Сирдарё ва Навоий вилоятларидан. Беморлардан уч нафари Россиядан чартер рейсда Тошкентга келишган. Қолган 11 нафари эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекцияни юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 56 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда.
Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди. Уларнинг тузалишида мазкур клиника жамоаси бирдамлиги, маҳорати ва тажрибаси ҳал қилувчи рол ўйнаганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 185 нафар бемор тўлиқ соғайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирус юқтирган беморлар сони 1450 нафарга етди. Бугунгача уларнинг 4 нафари вафот этган. Мавжуд беморлар сони 1261 кишини ташкил қилмоқда.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси