5 йилда таълим сифати ўсдими? Масъуллар аравани қуруқ олиб қочди

Жамият 6771
image
-

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 3 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида умумтаълим муассасалари рейтингини эълон қилишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Матбуот анжуманида QALAMPIR.UZ  журналисти Феруза Нажмиддинова Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоевдан сўнгги беш йил ичида таълим сифатини ошириш учун нималар қилинган ва шу вақт мобайнида таълим сифати неча фоизга ўсгани ҳақида савол билан юзланди.

“Олий тоифали ўқитувчилар сони икки бараварга ошди. Худди шу каби биринчи тоифали ўқитувчилар сони ҳам ошиб бормоқда. Албатта, сифат кўтарилмоқда. Йилма-йил таҳлилларни кузатадиган бўлсак, сифат ошмоқда. Лекин бугунги кунда бу натижа етарли эмас. Ўтган йили октябрь ойида Президентимиз битта вазифани қўйганлар. Мактаблар фаолиятининг сифати фақат мактаб директорларининг иши эмас, умумхалқ иши. Ҳокимлар ҳам бунга ёрдам бериши керак. Агар бугун барчамиз мактабларга эътибор берсак, бунинг ортида яхши кадрларни тайёрлаймиз. Мен ҳозир рақамларга тўхталиб ўтмайман. Маърузамда таълим сифатининг ўсиш даражаси бевосита кўрсатилган. Натижалар йилма-йил ўсиб бормоқда. Математика фани бўйича таълим 7 фоизга ошди. Лекин бу етарлими, ёки аксинча деган масала бор. Бу етарли эмас. Чунки, бугун биз математика фанини ўқитяпмизми, ёшларимиз 100 фоиз ижобий баҳога эга бўлиши керак. Шунинг учун, мен сизга ҳозир аниқ фоиз бўйича очиб бера олмайман. Лекин ўсиш динамикаси бор. Рейтингнинг мақсади шу. Шу билан биргаликда муаммоларимизга ечим топиб, рейтингни кўтаришимиз керак”, дея жавоб берди Улуғбек Тошкенбоев.

Эслатиб ўтамиз, Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри умумтаълим мактабларида берилаётган таълим сифати бўйича энг юқори ўринни эгаллади. Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари эса энг қуйидан жой олди.

Нозима Назирова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 193
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×