38 ёшли Левандовски “Барса”дан янги таклиф олди
Спорт
−
18:49 690 2 дақиқа
Каталониянинг “Барселона” клуби жамоа ҳужумчиси Роберт Левандовскини жамоада яна бир йил олиб қолмоқчи. Бу ҳақда “Mundo Deportivo” нашри хабар берди.
Манбага кўра, 37 ёшли Левандовски “Барселона” таклифи билан танишган. Унинг агенти Пини Захави шу ҳафта Каталония пойтахтига бориб, клуб вакиллари билан учрашган ва “Барселона”нинг аниқ режалари билан танишган.
Сўнгги ҳафталарда бир қатор клублар ёзда “Барса” билан амалдаги шартномаси якунланадиган польяк ҳужумчисини ўз сафига жалб қилиш учун фаол ҳаракат қилмоқда. Жумладан, “Ювентус”, “Милан”, “Чикаго Файр” ва Саудия клублари уни ўз сафида кўрмоқчи. Шу сабабли унинг агенти “Барселона”нинг футболчига нисбатан позициясини билиб олишни муҳим деб ҳисоблайди.
Клуб президенти Жоан Лапорта ўтган ойдаги сайлов кампанияси давомидаёқ Левандовски билан шартномани узайтиришни исташини билдирганди. Бироқ клубнинг ёзги трансфер бозоридаги асосий мақсади янги марказий ҳужумчи сотиб олиш экани, шунингдек, Левандовски августда 38 ёшга тўлишини инобатга олиб, “Барселона” унга бир йиллик шартнома ва ҳозирги маошидан анча камроқ маош таклиф қилмоқда.
Манбанинг таъкидлашича, футболчининг устувор мақсади “Барселона”да қолиш. У Каталонияда рафиқаси ва икки қизи билан бахтли ва қулай ҳаёт кечираётганини муҳим омил сифатида кўради, ҳатто молиявий жиҳатдан юқорироқ таклифлардан воз кечишга тайёр.
Шу билан бирга, рақобатни яхши кўрадиган футболчи сифатида Левандовски жамоада иккинчи даражали ролни ҳам қабул қилишга тайёр, аммо бу фақат олдинда юқори савиядаги асосий ҳужумчи бўлган тақдирдагина амалга ошиши мумкин. Шунинг учун у нафақат молиявий, балки келажакдаги рақобат нуқтаи назаридан ҳам клуб режаларини билишни истаган.
Айни пайтда кўплаб клублар қизиқиш билдиргани сабабли Левандовски қарор қабул қилиш учун апрель ойи охиригача муҳлат сўраган.
Рамазон Усанов
Live
Барчаси